У кенг кўламли уруш бошланганида Киев мудофаасини бошқарган, шунингдек 2022 йил сентябрида Харкив областида муваффақиятли қарши ҳужум ташкиллаштирганди.

2024 йилда фронтдаги вазият Украина қуролли кучлари учун сезиларли даражада мураккаблашди ва Сирский бошқарувида ўтган йил украинлар мудофааси учун жуда қийин кечгани билан ёдда қолди.

Шу билан бирга, армия фақат чекиниш билан машғул бўлмасдан душман учун кутилмаган участкада юриш амалга оширишга ҳам муваффақ бўлди.

BBC Украина хизмати шарҳловчиси Сергей Морфинов Украина қуролли кучлари Сирский бошқарувидаги бир йилни қандай ўтказганини кўриб чиқди.

Залужний — Сирский ротацияси

Володимир Зеленский бош қўмондонни алмаштириш сабаби сифатида «Украина қуролли кучлари раҳбариятини янгилаш» заруратини келтирганди.

Аммо Залужний — Сирский ротациясининг норасмий сабаби сифатида президент офиси ва олдинги бош қўмондон ўртасида иккинчисининг эҳтимолий сиёсий амбициялари туфайли юзага келган зиддият ҳам айтилади. Залужний ғарб матбуотида урушнинг боришини баҳолаб бориши ҳам раҳбариятга маъқул эмасди.

Олександр Сирский эса жамоат жойларида кўп кўриниш бермас ва ғарб матбуоти билан таниш эмасди.

Шу билан бирга, у олий бош қўмондонга содиқлиги ҳамда ҳеч қандай сиёсий амбициялари йўқлиги айтиларди.

Бир йил давомида Олександр Сирский президент ва унинг жамоасига танқид сифатида баҳоланиши мумкин бўлган бирорта эътироз билдирмади.

Фронтда нималар бўлаётганди?

Фронтда Сирскийга оғир мерос қолдирилганди — бир йил олдин россияликларнинг 2023 йил октябрида бошланган кенг кўламли юриши авж палласига кирганди ва ҳозирда ҳам давом этмоқда.

Авдийивка харобалари Россия назоратига ўтган

Украина мудофаасида биринчи навбатда Россия армияси шахсий таркиб, ўқ-дори, техника ва КАБдан фойдаланувчи (бошқарилувчи авиабомбалар) авиация эвазига эришган устунлик туфайли юзага келган инқироз Залужний қўмондонлиги давридаёқ бошланганди.

2024 йил февралда эса, Сирский бу лавозимга келган кунларда украин қўшини Авдийивкани — Донецк яқинидаги 2014 йилдан буён ушлаб турилган муҳим истеҳкомни ташлаб чиққанди.