14 февраль куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Янги ҳаёт» очиқ учиш аэродромида «Ўзбеккосмос» агентлиги «UzCanSat» лойиҳаси навбатдаги синов парвозлари бўлиб ўтди.

Унда 200 дан ортиқ ўқувчилар ва талабалардан ташкил топган ёшлар жамоаси ўзлари яратган микро спутникларнинг реал парвозини дронлар ёрдамида амалга ошириб, 1000 метр баландликдан ҳаво ҳарорати, баландлик ва босим назорати каби бирламчи маълумотларни қабул қилиб олиш имкониятига эга бўлишди.

Маълумот учун, «CanSat» бу кичик консерва идиши ҳажмидаги мини сунъий йўлдош бўлиб, илк бор бу лойиҳа 1990 йили АҚШда, NASA ва Америка университетлари ҳамкорлигида ташкил этилиб, ёшларнинг космик миссияларда иштирок этиш кўникмасини оширишга қаратилган. Бугунга келиб эса «CanSat» учириш мусобақалари кўплаб хорижий давлатлар қатори Ўзбекистонда ҳам ўтказилмоқда.

«UzCanSat» лойиҳаси бу сафарги қатнашчилари қаторида ТАТУ, Транспорт университети, Ирригация университети, Янги Ўзбекистон Университети талабалари ва Sehriyo мактаби ўқувчиларидан иборат жамоалар қатнашди.