2025 йил бошидан буён фронтдаги ҳарбий тўқнашувлар миқдори барқарор равишда камаймоқда, масалан, февралнинг дастлабки ҳафтаси давомида анча вақтдан буён россияликларнинг кунлик ҳужумлари сони 100 мартадан кам бўлган. Россия армияси томонидан бу даражада паст фаоллик охирги бор ярим йил олдин, август ойида кузатилганди.

Аммо Покровск атрофидаги вазият энг таҳдидлиси бўлиб қолмоқда. Россиянинг 1000 километрга чўзилган бутун фронт бўйлаб ҳар кунги ҳужумларининг учдан бир қисми, баъзида эса тенг ярми айнан шу йўналишда қайд этилмоқда.

Украина қуролли кучлари Бош штабига кўра, бу ерда россияликлар ҳам катта йўқотишларга учрамоқда. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский келтирган статистикага кўра, январ ойининг ўзида Москва Покровск атрофида 15 минг ҳарбий йўқотган, шундан 7 минг нафари — тикланмас йўқотишлардир.

Бироқ, Россия армиясининг бу ердаги сўнгги нисбатан муваффақиятли ҳаракатлари 2024 йил ноябр ойи охири — декабр ойи бошида қайд этилган, ўшанда рус ҳарбийлари Покровскнинг жануби-ғарбий чеккаларига ёриб ўтишга муваффақ бўлган эди. Ўтган икки ой ичида УҚК душманнинг ҳужумини сезиларли даражада тўхтатишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, украиналиклар муваффақиятли қарши ҳужумлар уюштира олди.

Бу январ ойи охирида «Ҳортица» қўшинлари оператив-стратегик гуруҳи қўмондони ўзгарганидан кейин содир бўлди. Фронтнинг бу участкасига бир вақтнинг ўзида Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони бўлган генерал Михайло Драпатий масъул этиб тайинланди.

Қанотлардаги кураш

Ўтган йилнинг куз фасли ўрталаридан РФ армияси Покровскдаги украин гарнизонига таъминот йўлларини кесиб қўйиш мақсадида шаҳарни шарқ, жануб ва ғарбдан ўраб олиш режасини амалга оширишга киришди.

Россия армияси шаҳарнинг шарқий чеккасига 2024 йил сентябр ойи охирида яқинлашишга муваффақ бўлди. Куз охирига келиб, россиялик ҳарбийлар Покровскка олиб борадиган жанубий йўлларни кесиб қўйди ва декабр ойида Котлино қишлоғи яқинида Межевая шаҳрига (Днепропетровск области) олиб борувчи автомобил йўлига чиқди.

Россиялик ҳарбийларнинг кейинги мақсади — шимолроқда Павлоградга олиб борувчи трассани кесиб қўйиш, шунингдек Днипропетровск областининг маъмурий чегараларига етиш ҳисобланади. Икки вазифа ҳам уддалаб бўлмас вазифа эмас — икки ҳолатда ҳам россияликлар тахминан 4-5 километр масофа босиб ўтиши қолган. Аммо Кремлни бу мақсаддан Украина қуролли кучларининг фронтнинг мазкур участкасида кучайиб бораётган қаршилиги тўсиб турибди.