Киев Россия президенти Владимир Путиннинг қўшинларнинг Курск областидан Украина ҳудудига илгари сурилгани ҳақидаги баёнотини рад этди. 19 феврал, чоршанба куни Украина ҳукумати дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленконинг сўзларидан AFP агентлиги иқтибос келтирган: «Россия қўшинларининг кенг кўламли ҳужуми ҳақидаги Путиннинг маълумотлари ёлғондир». Унга кўра, Россиянинг қўпорувчилик-разведка гуруҳи Курск областидан Украина ҳудудига кириб боришга муваффақиятсиз уринган ва йўқ қилинган.

Бундан бироз олдин Путин россиялик аскарларнинг Курскдан Украина ҳудудига кирганини эълон қилган эди. «Менга том маънода бир соат олдин маълум қилинган сўнгги маълумотлар шуки, бугун тунда 810-бригада жангчилари Россия Федерацияси ва Украина чегарасини кесиб ўтиб, душман ҳудудига киришди. Бизнинг қўшинларимиз бутун жанговар алоқа чизиғи бўйлаб олдинга силжишмоқда», — деди у.

Ўз навбатида, Кремлпараст «ҳарбий мухбир» Юрий Подоляканинг таъкидлашича, Россия армияси «Украина Қуролли кучларининг Суджа гуруҳининг асосий таъминот йўлига чиқиш» мақсадида бир кун олдин эришилган муваффақиятни ривожлантириб, Свердлиководан Новенкоега (ва, эҳтимол, Басовкагача) олдинга силжияпти. Унинг қўшимча қилишича, Россия ҳудуди озод этилгандан сўнг Суми областининг Курск билан чегарадош ҳудудида «хавфсизлик зонаси яратилади».

Украина бош штаби ва Суми ОҲМ ҳам Путиннинг баёнотини рад этди

Украина Қуролли кучлари Бош штабининг 19 февралдаги жорий ҳисоботида, хусусан, Россиянинг Украинага қарши уруши пайтида ҳарбий операцияларнинг Курск йўналиши ҳақида сўз боради. «Курск областида украиналик ҳимоячилар босқинчиларнинг учта ҳужумини қайтармоқда; жами 12 та қуролли тўқнашувлар қайд этилган», — деб ёзди Бош штаб Путин баёнотидан кейин. «Украина қўшинлари бутун жанговар алоқа чизиғи бўйлаб ва орқада душманни толиқтирмоқда», — дея қўшимча қилинган. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги ёки Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский томонидан ҳеч қандай расмий изоҳ берилмаган.

«Путиннинг Россия қўшинлари Курск областида Украина билан чегарани кесиб ўтиб, кенг кўламли ҳужум бошлагани ҳақидаги баёноти ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади Суми ОҲМ баёнотида. Шунингдек, таъкидланишича, унинг вакиллари бу маълумотни мамлакат ҳарбий раҳбарияти билан тасдиқлаган, у ерда Украина ҳудудига киришга уринган Россиянинг диверсия-разведка гуруҳи йўқ қилингани ҳақидаги маълумот тасдиқланган. «Ҳозирда Курск области ҳудудида Украина ҳудудида кенг кўламли ҳужумни амалга оширишга қодир бўлган Россия қўшинлари йўқ», — дейилади ОҲМ хабарида.