Таниқли диний уламо, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов ўта оғир жиноятда айбланаётгани ҳақидаги ИИВ тасдиқлаган маълумот адвокатлар томонидан рад этилди.

19 феврал куни ижтимоий тармоқларда Мубашшир Аҳмад қидирувга берилгани ҳақида хабар тарқалган эди. Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Kun.uz'га бу маълумотни тасдиқлаб, у Жиноят кодексининг 244–2-моддаси биринчи қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан айбланаётганини маълум қилганди.

Ғиёсов қидирув қачон эълон қилинганини тергов сири деб атаган, юқорида айтилганидан бошқа айбловлар бор-йўқлигига аниқлик киритмаганди.

Бугун, 21 феврал куни Алишер Турсуновнинг адвокатлари Kun.uz билан боғланиб, ҳимояси остидаги шахс ўта оғир жиноят содир этганликда айбланаётгани ҳақидаги хабар асоссиз эканини маълум қилди.

Маълум қилинишича, А.Турсунов 2023 йил август ойида Жиноят кодексининг 244–3-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган, даражасига кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят – “диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатиш (шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса) ҳаракатида айбланувчи тариқасида жалб қилинган.

Адвокатлар ИИВ матбуот котибига асосланиб тарқатилган хабарларда А.Турсуновнинг ЖКнинг 244–2-моддаси билан айблангани ва қидирув эълон қилингани ҳақида маълумот нотўғрилигини билдирди.

“Адвокатлик сўровига жавобан Тошкент шаҳар ИИББ Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан 2024 йилнинг 4 июнь куни берилган хатда Алишер Турсунов аслида 244-3 -модда билан айбланаётгани, мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан ҳаракатдан тўхтатилгани маълум қилинган”, — дейилади баёнотда.

Бу ерда фуқаро аслида айбланаётган 244–3-модда ва хабарларда тарқалган 244–2-модда орасида катта фарқ бор.

«ЖКнинг 244–2-моддаси ҳамда 244–3-моддаси бир биридан моҳиятан, ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра фарқ қилади, бу моддаларнинг объекти бошқа-бошқа, яъни ЖКнинг 244³-моддасида назарда тутилган жиноят (ЖКнинг 15-моддасига кўра) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят ҳисобланса, иккинчиси (ЖКнинг 244²-моддаси) ўта оғир жиноят сифатида баҳоланади ва айнан шу ҳолат ижтимоий тармоқларда одамларнинг ҳақли саволларини келтириб чиқармоқда.