Жаҳон | 18:41 / 24.02.2025
8986
3 дақиқада ўқилади

Олий Рада Зеленский ваколатларини қўллаб-қувватловчи резолюцияни қабул қилолмади

Резолюцияда президент Владимир Зеленскийнинг ваколатлари ҳарбий ҳолат охиригача давом этиши кераклиги назарда тутилган эди. Аммо ташаббус етарли овоз тўпламади.

Фото: president.gov.ua

Украина Олий Радаси «Россия агрессияси шароитида Украинада демократияни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги резолюцияни қабул қилолмади, унда президент Владимир Зеленскийнинг ваколатлари ҳарбий ҳолат охиригача давом этиши кераклиги назарда тутилган эди.

Рада маълумотлар базасига кўра, овоз беришда 272 депутат қатнашган, улардан 54 нафари овоз бермаган. Қарорни 218 депутат қўллаб-қувватлади. Резолюция тасдиқланиши учун камида 226 овоз керак эди.

«Громадське» нашрининг депутат Ярослав Железнякка таяниб ёзишича, резолюцияда «Украина қонунларида назарда тутилган ҳокимиятнинг институционал узлуксизлиги тамойилига амал қилиш, айниқса, ҳарбий ҳолат ҳуқуқий режими контекстида» ҳақида сўз боради. Ҳужжатда таъкидланишича, Зеленский «Украинанинг янги сайланган президенти Украина Конституциясига мувофиқ ўз ваколатларини бажаргунга қадар ўз ваколатларини амалга ошириши керак». Шунингдек, резолюцияда Олий Рада ва Зеленский «бутун халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган халқаро кузатувчилар таклифи билан эркин, шаффоф, демократик сайловларда сайлангани» қайд этилган.

«Агар ҳарбий ҳолат даврида президент сайлови ташкил этилса ва ўтказилса, сайлов қонунчилигининг барча миллий ва халқаро тамойилларига риоя этилмайди, бу эса бундай сайловларни 2024 йил март ойида Россияда ташкил этилган Владимир Путиннинг қайта тайинланиши каби фарсга айлантиради. <...> Украина Олий Радаси халқаро ҳамжамият томонидан тан олинадиган халқаро кузатувчилар таклифи билан Украинада эркин, ошкора ва демократик сайлов ташкил этишнинг имкони йўқлиги учун жавобгарлик айнан Владимир Путин зиммасида эканини таъкидлайди. Украина Олий Радаси Россиянинг босқини шароитида Украинада жорий этилган ҳарбий ҳолат сайловни Украина Конституциясига мувофиқ ўтказишга йўл қўймаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, Украина халқи бундай сайлов уруш тугаганидан кейин ўтказилиши кераклигида ҳамжиҳатдир», деб резолюциядан иқтибос келтирди «Украинска правда».

Бундан ташқари, резолюцияда Украинада сайлов мамлакат ҳудудида «ҳар томонлама, адолатли ва барқарор тинчлик таъминланганидан» кейин эълон қилиниши қайд этилган.

18 февраль куни АҚШ президенти Доналд Трамп Зеленскийни кенг кўламли Россия-Украина уруши бошланишида айблаб, танқид қилди ва Украинада янги президентлик сайловини ўтказишга чақирди.

Бунга жавобан Зеленский Трампнинг ўз ишонч рейтингини 4 фоизга баҳолагани ҳақидаги сўзлари Россиядан олинган маълумотларга асосланганини айтди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид