Жаҳон | 02:30 / 26.02.2025
6327
4 дақиқада ўқилади

Европага АҚШ ёрдамисиз ўзини ҳимоя қилиши учун йилига 250 млрд евро ва 300 минг аскар керак бўлади

Европа ҳукуматлари ҳозирда бундай харажатларни молиялаштиришнинг турли усулларини таҳлил қилишни бошлаган. Хусусан, ЕИ давлатлари мудофаага ажратилаётган ЯИМнинг 2 фоизи миқдоридаги маблағларни 3,5 фоизга қадар кўтариши мумкин.

Фото: Flickr

Европа давлатлари АҚШ кўмагисиз ўз кучлари билан хавфсизликни таъминлаши учун юзлаб миллиард евро сарфлашга, шунингдек, Қуролли кучларни буткул қайтадан кўриб чиқишга ва уларнинг сонини сезиларли даражада оширишга мажбур бўлади. Ўз навбатида бу Европа иқтисодиётининг анчадан бери давом этаётган секин ўсиш давридан чиқишига ёрдам бериши мумкин, деб ёзади The Moscow Times.

АҚШ сиёсати кескин ўзгаргани ва бу 80 йиллик иттифоқнинг парчаланишига сабаб бўлиши мумкинлиги боис европаликларни Россиядан келадиган таҳдидларга Америка ҳарбий ёрдамига умид қилмаган ҳолда қарши туриш масаласини муҳокама қилишга ундамоқда. Германиянинг бўлажак канцлери Фридрих Мерц «АҚШдан мустақилликка эришиш» учун НАТОнинг ўрнига янги мудофаа иттифоқини тузиш таклифини илгари сурди. Унинг доирасида Франция ва Буюк Британия билан ядровий ҳамкорликлар амалга оширилади. Анчадан буён АҚШга «қарамлик»дан қутулиш ҳақида гапириб келадиган Франция президенти Эммануэл Макрoн аллақачон ядровий қуролларга эга самолётларини Германия ҳудудига жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Буюк Британия бош вазири Кир Стармер эса уруш тугаганидан кейин хавфсизлик кафолатларини таъминлаш учун Украинага британиялик аскарларни юборишга тайёрлигини билдирди.

Аммо европаликлар дуч келиши мумкин бўлган ўзгаришлар улкан. Американинг Украинага етказиб бераётган қуроллари ўрнини қоплаш қийин эмас — бунинг учун Евроиттифоққа ЯИМнинг қўшимча 0,12 фоизи керак холос (асосий муаммо АҚШ разведкаси билан ҳамкорликнинг узилиши ва Америкага тегишли айрим қуролларнинг қўлдан чиқарилишида).

Украинада тинчлик ўрнатилганидан кейин Россия жанг майдонида қуролларидан айрилишни тўхтатиб, уларни оширишни бошласа — бу Европа учун яна бир муаммони келтириб чиқаради. Ҳарбий эксперт Александр Бурилков ва иқтисодчи Гунтрам Волфнинг баҳолашича, Европа Америка қўшинлари ўрнини тўлдириш ва Россия босқинининг олдини олиши учун 300 минг аскар ва ҳар йили мудофаа харажатларини салкам 250 миллиард еврога ошириш керак бўлади.

Европага АҚШнинг 100 минг аскари жойлаштирилган, НАТО режасига кўра, Россия босқини юз берса, яна 200 минг ҳарбий келиши керак. Бу жангга тайёр ва ягона раҳбарият остидаги техника билан таъминланган бўлинмалардир. Европага уларнинг ўрнини эгаллаши учун камида 1400 та танк, 2000 та пиёдалар жанговар машинаси ва 700 та артиллерия қуроллари керак бўлади. «Бу Франция, Германия, Италия ва Буюк Британиянинг қуруқликдаги қўшинлари қўшиб ҳисобланганидан ҳам кўпроқ жанговар қудрат демак», — дейилади хабарда.

Европа ҳукуматлари бундай харажатларни молиялаштиришнинг турли усулларини таҳлил қилишни бошлаган.

Bruegel нашри ҳисоб-китобларига кўра, Европа давлатлари ҳозирда мудофаага ажратилаётган ЯИМнинг 2 фоизини 3,5 фоизга қадар кўтариши йилига тахминан 250 миллиард еврога тушади. Стармер 25 феврал куни Британиянинг мудофаа харажатлари 2027 йилга бориб, 2,7 фоизга етказилишига оид режани эълон қилганди.

Ҳарбий харидларнинг ошиши сабаб иқтисодий кўтарилиш ҳам содир бўлиши мумкин — Иккинчи жаҳон урушидан кейин ва Роналд Рейгеннинг президентлик даврида шундай бўлган.

Таъкидланишича, Германия иқтисодиёти 2019 йилгача бўлган даврдаги даражага қайтмаган, охирги икки йилда ҳатто қисқарган. Ҳозирда Мерц мудофаа харажатларини 200 миллиард еврогача оширишга уринмоқда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид