Украина ва АҚШ ўртасидаги минерал ресурслар бўйича келишув афтидан урушни тугатишда бурилиш нуқтаси бўлади. Ушбу келишув атрофида янги тафсилотлар пайдо бўлди.

АҚШ Украинага ён бердими?

Financial Times шу кунларда келишувга оид янги тафсилотларни эълон қилди. Унда айтилишича, Киев ва Вашингтон келишув шартлари бўйича келишувга эришган. Нашрнинг ёзишича, АҚШ келишувнинг энг можароли қисми – Украина 500 миллиард долларлик ресурсларни бериши керак деган жойини олиб ташлашга рози бўлган. Яъни келишув масаласида Вашингтон Киевга ён берган.

Financial Times суҳбатдошлари Украина АҚШ билан музокараларда келишувни анча реал кўринишга келтиришга эришгани ҳақида айтган. Қайд этилишича, бу келишув имзоланиши АҚШ билан муносабатлар кенг йўналишда давом этишини таъминлайди. Журналистлар ҳужжатнинг охирги вариантини ўқиб чиқишга муваффақ бўлган. Унда айтилишича, Вашингтон ва Киев Украинадаги минерал ресурслардан тушадиган келажакдаги даромадлар эвазига махсус фонд ташкил қилиб, пулни бўлишади. Ушбу фонд асосан Украинадаги лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилади.

Шунингдек, келишувдан Украина бюджетига пул олиб келаётган ресурслар бўйича жойи ҳам олиб ташланган. Яъни Америка Украинадаги нефт ва газ соҳаларига тегмасликка рози бўлган.

Аммо келишувда ҳозирча Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича ҳеч нарса дейилмаган. АҚШ ушбу фонддан қанча улуш олиши ҳам кейинги музокаралар давомида белгиланиши қайд этилган. Афтидан, бу ҳал қилувчи деталлар Доналд Трамп ва Володимир Зеленский ўртасидаги учрашувда аниқлаштирилади. Зеленский 28 феврал куни Вашингтонга бориб, Трамп билан учрашиши кутилмоқда.

«Уларга Javelinʼни мен берганман»

АҚШнинг миллиардер президенти Доналд Трамп Киев сезиларли ён берилган бўлса-да, у таклиф қилган келишувга рози бўлгани ҳақида хабарлар фонида бутунлай бошқача гапларни айта бошлади. Зеленский журналистлар олдига чиқиб, мен украинларнинг ўн авлоди тўлайдиган келишувни имзоламайман, деган вақтида Трамп унинг манзилига қандай таҳдидлар қилганини эсланг. Энди Трамп Украина келишув доирасида 350 миллиард долларга, жуда катта ҳарбий ёрдамга ва урушни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлишини айтмоқда.

Эътибор беринг, Трамп Россия билан келишув бўлмагунига қадар Украинага ҳарбий ёрдам юборилаверишини айтди. Ахир Байден маъмурияти даврида ажратилган қуроллар ҳамон Украинага етказиб турилибди.