Доналд Трампнинг Европага нисбатан сиёсати тобора аниқ тус олмоқда: у Европа давлатларини хавфсизлик масаласида мустақил ҳаракат қилишга ундаётган бўлса-да, АҚШнинг стратегик таъсир доирасини сақлаб қолиш ниятидан қайтмаган. Агар Трамп Европани ўзидан узоқлаштирса, бу узоқ муддатда АҚШга эҳтиёжнинг пасайишига олиб келиши мумкинми? НАТО доирасидаги молиявий мажбуриятлар баҳси ортидан Европа етакчилари ўз ҳарбий салоҳиятини ошириш ҳаракатига тушмоқда.
Шу каби мавзулар Kun.uz’нинг“Геосиёсат” дастурида муҳокама қилинди.
Трамп Европани ўзидан узоқлаштирса, кейинчалик АҚШга эҳтиёж пасаймайдими?
Шуҳрат Расул: Лидерларнинг сўнгги вақтларда бераётган интервюлари, матбуотдаги чиқишларини диққат билан кузатсак, шунингдек Германиянинг бўлажак канцлери Фридрих Мерс ҳали кескин қарор қабул қилгани йўқ. Лекин Франциядан кафолатлар сифатида ядро зонтигини сўради. Ҳали Трамп “Биз Германиядаги ядро қуролларни олиб чиқиб кетамиз”, деб айтгани йўқ. У фақат, “Агар мен айтганларни қилмасаларинг, пулларни кўпайтирмасаларинг, НАТОга кўпроқ пул ажратмасаларинг деб алянс сиёсати ҳақида гапирган эди. Лекин “қуролларни олиб чиқиб кетамиз”, дегани йўқ эди. Шунга қарамай, Фридрих Мерс айтяптики, “Бизга янги ядро зонтиги керак”, ва Францияга мурожаат қиляпти, Макрон ҳам буни қандайдир ижобий ҳал қилгандай бўляпти.
Қайта-қайта айтилаётган гаплар: Европа барибир ўзининг қандайдир қуролли кучларига эга бўлиши керак деган гаплар энди юз берган воқеадан кейин тезлашади. Лекин ҳали Оқ уй эшиклар ёпилгани йўқ. Буни Америка маъмурияти ва шахсан Трампнинг ўзи ҳам охирида айдти ва “Қачон тинчлик шартларига тайёр бўлсангиз яна қайтиб келинг”, деди. Европа лидерлари ўртага тушиб воситачи бўлишга ҳаракат қилса керак.
Зеленскийнинг хатоларидан бири 2014 йилдаги воқеаларни эсламаслик керак эди. Шундай қилиб у йўқ жойдан ўзига ўзи муаммо яратиб олди.
Жаҳон урушлари каби дунёда ўзаро “Иттифоқлар даври” бошландими?
Ойбек Сирожов: Йўқ, ҳали унгача вақт бор. Европанинг қудрати бу иқтисодиёти билан, ўша интеграциясининг ўзаги ҳам иқтисодиёт билан боғлиқ. Лекин иқтисодиётни, яъни иқтисодий ривожланиш билан ҳарбий ривожланишни таққослайдиган бўлсак, бир-бирига қарама-қарши томонда. Яъни ҳарбий қудратни ривожлантириш учун маълум бир иқтисодиётдан, ижтимоий масалалардан воз кечишга тўғри келмоқда. Мана бугун Европа олдида энди дилемма пайдо бўлди. Демак, энди юқорида таъкидлаб ўтилгандек, агар ўзи мустақил ўзининг хавфсизлигини ёки бутун Европанинг хавфсизлигини таъминлаш учун мавжуд иқтисодий бирликдан воз кечиб, асосий эътиборни ҳарбий соҳага қаратиш керак бўлса, бунга жамият қанчалик тайёр? Ҳукуматлар қанчалик тайёр? Бунга сиёсий бардош ета оладими деган саволлар юзага келади.
















