Ўзбекистонда 20 мартдан Temu платформасидан фойдаланиш чекланади
Солиқ қўмитаси фуқаролардан бугунги кундан бошлаб Temu платформаси орқали буюртма бермасликни тавсия қиляпти. Агар буюртма олдинроқ амалга оширилган бўлса, тўловни қайтаришни ташкил этиш мумкин.

Ўзбекистон қонунчилиги талабларига мувофиқ 20 мартдан бошлаб Temu платформасидан фойдаланиш белгиланган тартибда чекланади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, электрон тижорат операторлари, хусусан, электрон савдо платформалари операторлари сифатида фақат юридик шахслар — Ўзбекистон резидентлари фаолият юритиши мумкинлиги белгиланган.
«Мамлакатимиз фуқароларига хизмат кўрсатувчи хорижий электрон савдо платформалари фаолиятини ўрганиш жараёнида айрим электрон савдо платформалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётганлиги аниқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ, 2025 йил 20 мартдан бошлаб хорижий электрон савдо платформаларидан, хусусан, Temu платформасидан фойдаланиш белгиланган тартибда чекланади», дейилади хабарда.
Қўмита тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида бугунги кундан бошлаб Temu платформасида буюртма бермасликларини сўради.
«Агар буюртма бундан олдин амалга оширилган бўлса, платформада тўловни қайтаришни ташкил этиш тавсия этилади», дея қўшимча қилинган хабарда.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Солиқ қўмитаси фуқароларни Ўзбекистонда ўз фаолиятини маҳаллийлаштирмаган ёки мамлакатда Солиқ қўмитасининг электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар ва маркетплейслар рўйхатига кирмаган хорижий электрон савдо платформалари хизматларидан фойдаланмасликка, эҳтиёт чораларини кўришга, шахсий ва бошқа маълумотларни бундай субъектларга бермасликка чақирди.
Бугунгача қатор давлатлар TEMU фаолиятини чеклаган ёки блоклаган. Масалан, маркетплейс Индонезия ва Ветнамда блокланган. Туркияда у орқали кирадиган маҳсулотларга 60% божхона йиғими жорий қилган. Маркетплейс фаолиятига чекловлар Европа Иттифоқи ва АҚШда фаол муҳокама қилинмоқда.
Аввалроқ Temu маркетплейси мамлакатда фаолиятини қонунийлаштиришмагани ва резидент юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмагани хабар қилинганди.
Мавзуга оид

19:56 / 22.04.2025
“Нархлар анча арзонроқ” — Қозоғистондан қайтаётган ўзбеклар ўзи билан нималар олиб киряпти?

23:21 / 19.04.2025
Жисмоний шахсларнинг хориждан товар олиб киришига чекловлар кучайтирилди

20:45 / 18.04.2025
Тагликлар, тиш чўткалари ва бошқа “хавфли” товарларни рўйхатдан ўтказиш бекор қилинади

16:07 / 18.04.2025