«Сизнинг зиммангизга жуда катта масъулият тушмоқда, уруш якунлари кўплаб авлодлар учун аҳамиятга эга бўлади, биз ғалабага эришишга қатъий қарор қилдик», – деди Нетаняҳу Замирга қуролли кучлар штаб-квартирасидаги инаугурация маросимида.

Мудофаа вазирлигида ўтказилган маросимда Замир генерал-майор унвонини олган. Янги қўмондон ҳали Ҳамас устидан ғалабага эришилмаганини қайд этиб, гаровдаги исроилликларни озод этиш устида иш олиб боришга ваъда берди. У 2025 йил фаол ҳарбий ҳаракатлар йили бўлишини айтиб ўтган.
Замир Бош штаб бошлиғи лавозимида генерал-лейтенант Ҳерци Ҳалевининг ўрнини эгаллади – у Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумини қайтара олмагани туфайли истеъфога чиққанди. Ҳалевининг истеъфоси ҳақида 2025 йил январ ойи охирларида маълум бўлганди. У ўз баёнотида муваффақиятсизлик учун жавобгарликни зиммасига олиб, армиядан кетишини таъкидлаган эди. Ҳалевининг ортидан ЦАҲАЛ Жанубий қўмондонлиги бошлиғи генерал-майор Ярон Финкелман ҳам истеъфога чиқишини эълон қилган.
Ғарбий соҳилдаги амалиёт
Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги қочқинлар лагерларида операцияларни кенгайтирди.

Январ ойи охирида бошланган «Темир девор» амалиёти Исроилнинг Ғарбий соҳилдаги сўнгги йигирма йилликдаги энг йирик операцияси ҳисобланади.
Исроил ҳарбийлари сешанба куни ишғол остидаги Ғарбий соҳилда Женин шаҳрида ўтказилган рейд чоғида Ҳамаснинг маҳаллий гуруҳи раҳбари Айсар ал-Саъдий ўлдирилганини маълум қилди.
Исроил қўшинлари шу пайтгача фаластинликларга асосан шимолдаги «Женин», «Тулкарим», «Нур-Шамс» ва «Фаръа» қочқинлар лагерларида зарбалар берган. Якшанба куни ЦАХАЛ Женинга танк взводи ташлангани ва операциялар қўшни Кабатия шаҳригача кенгайтирилганини маълум қилди.
Икки кун аввал Исроил қўшинлари оккупация остидаги Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида жойлашган «Нур-Шамс» қочқинлар лагеридаги уйларни вайрон қилиб, бу ердан ўтган кенг йўлни тозалаганди.
















