Америка оммавий ахборот воситалари АҚШ ва Украина мухолифати сиёсатчилари Петр Порошенко ва Юлия Тимошенко жамоалари ўртасида Украинада бўлиши мумкин бўлган сайловлар бўйича музокаралар олиб боргани ҳақидаги хабарларидан сўнг, иккала сиёсатчи ҳам бундай қадамни рад этди. «Бизнинг жамоамиз ҳар доим уруш пайтида сайловлар ўтказилишига қатъиян қарши бўлиб келган ва бу позицияга содиқ қолишда давом этмоқда», — деди Порошенко 6 март, пайшанба куни.

2014-2019 йилларда Украина президенти бўлиб ишлаган Петр Порошенко ўт очишни тўхтатиш ва Украина учун хавфсизлик кафолатлари билан тинчлик шартномаси имзоланган тақдирдагина сайловлар ўтказилиши мумкинлигини таъкидлади.

Ўз навбатида, икки марта Украина бош вазири бўлган ва «Батькивщина» партиясини бошқарган Юлия Тимошенко унинг жамоаси «имкон қадар тезроқ адолатли тинчликни таъминлай оладиган барча иттифоқчилар билан» музокаралар олиб бораётганини айтди. Унгача «Украинада сайлов ўтказиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», деб таъкидлади у.

Яширин музокаралар

Ҳозирда Украинада ҳарбий ҳолат туфайли сайловлар тақиқланган. Шу билан бирга, Россия ва АҚШ президенти Доналд Трамп Володимир Зеленскийни ҳокимиятда «сайловларсиз» қолгани учун танқид қиляпти ва уларни имкон қадар тезроқ ўтказишни талаб этяпти.

4 март куни Американинг Politico нашри Трампнинг юқори мартабали ишончли шахслари Тимошенко ва Порошенконинг мухолифатдаги «Европа бирдамлиги» партияси аъзолари билан Украинада президентлик сайловларини имкон қадар тезроқ ўтказиш имконияти ҳақида яширин музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берди.