Россия ҳарбийлари Курск областининг ўтган йил августидан бери Украина қуролли кучлари назоратида бўлган чегарадаги Суджа шаҳрига ҳужум уюштирди. Улар фронторти ҳудудига кириб бориш учун «Уренгой – Помари – Ужгород» газ қувури тармоғидан фойдаланган. Россия 2025 йил 1 январга қадар ушбу қувурда Украина ҳудуди орқали Европага газ етказиб берган.
Ер остидан ўтган қувур орқали амалга оширилган ушбу амалиёт ҳақидаги маълумотлар дастлаб россияликларнинг ҳарбийлашган телеграм-каналларида кенг тарқалди (хуруж акс этган видеолар: бир, икки, уч). 8 март куни кечқурун Украина қуролли кучлари бош штаби бу маълумотни тасдиқлади.
Россиялик ҳарбий мухбирлар ва пропагандачиларнинг маълумотларига кўра, 100 кишигача бўлган бўлинма бир ҳафта давомида диаметри 1,4 метр бўлган ер ости газ қувури орқали ҳаракатланган. Шу тариқа, улар қарийб 16 километр масофани босиб ўтишган. Ҳарбийлар икки кун қувурда эмаклаб юришган ва яна тўрт кун ташқарига чиқиш учун кутишган.
Таъкидланишича, кутилмаган хуруж «Ветеранлар» хусусий ҳарбий компанияси, «Ахмат» махсус топшириқли бўлинмаси ҳамда Россия қуролли кучларининг 30-мотоўқчи полки ҳарбийлари томонидан уюштирилган. «Ветеранлар» олдин ҳам шундай амалиёт қўллаган – унинг аъзолари 2024 йил январида Донецк областидаги Авдийивканинг жанубий чеккасига бостириб кириш учун ерости йўлидан фойдаланганди.
Z-шарҳловчилар ҳужум натижаларини турлича баҳоламоқда. Ҳарбий мухбир ва кўнгилли Владимир Романов ҳамда пропагандачи Анастасия Кашеварованинг таъкидлашича, амалиётга яхши тайёргарлик кўрилмаган (масалан, ҳарбийларга гўёки сув ва озиқ-овқат етишмаган, вентиляция билан боғлиқ муаммолар ҳам ҳал этилмаган), натижада бир неча жангчи метандан заҳарланиб, ҳалок бўлган. Ҳарбий хизматчи ва блогер Егор Гузенконинг айтишича, Россия каналларида қувурда ҳаракатланаётган ҳарбийлар акс этган кадрлар бевақт эълон қилингани «душманга қўл келган», плацдармни мустаҳкамлаш учун эса яна бир ҳафта керак эди.
Украина қуролли кучлари вакиллари россиялик ҳарбийларнинг ерости қувури орқали уюштирган ҳужуми улар учун кутилмаган ҳолат бўлмаганини маълум қилди. Украина бош штабида таъкидлашларича, россияликларни Украина қуролли кучлари десант-штурм қўшинларининг аэроразведка бўлинмалари «ўз вақтида аниқлаган», шундан сўнг уларнинг устига ракета ва артиллерия зарбалари берилган.
















