Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш маркази (SOHR) жума ва шанба кунлари мамлакат ғарбида, Ўрта Ер денгизи соҳилида жойлашган шаҳарларда алавийларга қарши 30 га яқин ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 973 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Кузатувчилар қуролли тузилмалар аъзолари ҳам қўшиб ҳисобланганда, қурбонларнинг умумий сонини 1,3 минг кишига баҳолаган. Уларнинг маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлардан 231 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари, 250 нафари ағдарилган президент Башар Асадни қўллаб-қувватлаган жангарилар бўлган.
Сурия давлат телевидениесида чиқиш қилган Аш-Шаръа Асадга содиқ бўлган кучларни топиш ва зарарсизлантиришга ҳам ваъда берди.
«Бугун биз бу оғир лаҳзаларни бошдан кечираётганимизда, олдимизда янги хавф пайдо бўлди - собиқ тузумдан қолган одамлар ва уларнинг чет эллик тарафдорлари янги низони қўзғатишга ва мамлакатимизни фуқаролар урушига тортишга уринмоқда, – деди аш-Шаръа. – Уларнинг мақсади – бизни парчалаб, бирлигимиз ва барқарорлигимизни йўқ қилишдир».
«Биз тинч аҳоли ўртасида қон тўкилишига ёки халқимизга зарар етказишга алоқадор бўлганларнинг барчасини қатъият билан ва ҳеч қандай раҳм қилмасдан жавобгарликка тортишимизни тасдиқлаймиз. Улар давлат берган ваколатидан четга чиққан ёки ҳокимиятдан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланган кишилар», – деди Сурия раҳбари.
Аввалроқ аш-Шаръа «тинч аҳолига қарши қонунбузарликларни текшириш ва улар учун жавобгарларни топиш» билан шуғулланадиган «мустақил қўмита» ташкил этилишини эълон қилганди.
Алавийлар яшовчи ҳудудларда нималар бўлмоқда?
Хабарларга кўра, алавийлар яшовчи туманларда юзлаб кишилар ўз уйларини тарк этган.
Шиа мазҳаби тармоғи ҳисобланган алавийлар диний оқими вакиллари Сурия аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил этади. Сурия аҳолисининг аксарияти сунний мусулмонлардир.
Ўтган ҳафта пайшанба куни Суриянинг янги ҳукумати билан алоқадор бўлган Syria TV телеканали мамлакат хавфсизлик кучларининг камида 13 нафар ходими ағдарилган Башар Асад режимига алоқадор қуролли шахслар билан тўқнашувларда ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.
Тўқнашувлар Латақия яқинидаги Жабла шаҳри ҳудудида, Асадлар оиласи мансуб бўлган алавий жамоасининг юраги ҳисобланган соҳил зонасида бошланди.
SOHR маълумотларига кўра, икки кун ичида мингдан ортиқ одам ўлдирилган, бу 2024 йил декабр ойида исёнчилар Асад режимини ағдарганидан бери Суриядаги энг оммавий ва шафқатсиз зўравонлик кўрсатилиши бўлди.
















