Андижон шаҳрида 13 март куни поезд фуқарони уриб юборди, деб хабар беради Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси.
Қайд этилишича, пайшанба куни соат 10:22 да тез ёрдам бригадаси воқеа жойига етиб борган. Бу вақтда Х.М. исмли 1999 йилда туғилган, кар-соқов йигит оғир ва карахт ҳолатда бўлган.
Жабрланувчи 10:34 да Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази вилоят филиалига олиб келинган. Марказ шифокорлари операция натижасида беморнинг ҳаётини сақлаб қолган.
Унга бош мия оғир жароҳати, чайқалиши, гематомаси, қош қисми йиртилиши, ўнг ошиқ-болдир бўғими чиқиши, ошиқ-болдир бўғими синиши, постравматик карахтлик каби ташхислар қўйилган.
«Беморнинг ҳолати ўрта оғирликда деб баҳоланмоқда. У ҳозирда шифокорлар назорати остида, саломатлик ҳолати эса ижобий кўринишда», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябр ойида Тошкентда темирйўлнинг белгиланган қисмидан велосипедда кесиб ўтаётган 15 ёшли болани поезд уриб кетганди.

















