BBC Украина армиясининг Курск йўналишидаги амалиётида иштирок этган беш нафар украиналик ҳарбий билан суҳбатлашган. Ҳарбийлар журналистлар билан ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар орқали боғланиб, кучли ўт очиш фонида, яксон этилган ҳарбий техника колонналари орасида ва Россия дронларининг доимий зарбалари остида кечган «ҳалокатли» чекиниш ҳақида гапиради.

Ҳарбий хизматчиларнинг исмлари хавфсизлик нуқтайи назаридан ўзгартирилган. Материалда 9 мартдан 14 мартгача бўлган воқеалар ҳақида сўз юритилади. Ҳарбийларнинг баъзилари Суджа бой берилганидан кейинги «коллапс» ҳақида гапирган – бу Украина қўшинлари Курск областида етти ой давомида ушлаб турган энг йирик шаҳар эди.

РФ қуролли кучлари украинларнинг Курск областидаги плацдармини йўқ қилиш бўйича амалиётнинг навбатдаги босқичини 8 март куни бошлаганди. 14 мартга келиб Украина қуролли кучлари бўлинмалари катта йўқотишларга учраган ҳолда плацдармнинг катта қисмини тарк этди (шу билан бирга, АҚШ ва Россия расмийлари ўша куни ҳеч қандай далил келтирмаган ҳолда гўёки украиналик минглаб аскарлар қуршовга тушиб қолганини айтишганди).

Фронт чизиғига бориш чеклангани сабабли, вазият ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлишнинг иложи йўқ. Украиналик аскарлар ўз кўз ўнгида содир бўлган воқеаларни шундай тасвирлайди.

Володимир: «Дронлар тун-у кун ҳужум қилади»

9 март куни Володимир BBC’га телеграм орқали хабар йўллаб, у ҳали ҳам «ваҳима ва коллапс» ҳукм сураётган Суджада эканини ёзган.

«Қўшинлар ва техника колонналари чиқишга ҳаракат қилмоқда, – дейди у. – Уларнинг бир қисмини Россия дронлари йўлда ёқиб юбормоқда. Кундузи йўлга чиқиб бўлмайди».

Одамлар ва техникани ташиш учун Суджа ва Украинанинг Суми областини боғловчи биргина асосий йўл бор эди.

Володимирнинг сўзларига кўра, бир ой олдин бу йўлда нисбатан хавфсиз ҳаракатланиш мумкин эди. 9 мартга келиб у «тўлиғича душман зарбалари назоратига ўтди – дронлар кеча-ю кундуз парвоз қила бошлади».

«Бир дақиқа ичида икки-учта дронни учратиш мумкин. Бу жуда кўп», – дея тушунтирди у.

«Бизда бутун моддий-техник таъминот биргина Суджа-Суми трассаси орқали эди, – дейди Володимир. – Россияликлар уни тўсиб қўйишга уринишини ҳамма биларди. Аммо бу яна қўмондонлигимиз учун кутилмаган ҳолат бўлиб чиқди».