«Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, жарима баллари ҳайдовчиларга нисбатан фақат ЙҲХХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар асосида ҳисобланади.

Жарима баллари «E-jarimaball» модули орқали, инсон омилисиз, автоматлаштирилган тартибда ҳисоблаб борилади.

12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида биринчи жарима бали ҳисобланмайди.

Ҳайдовчиларнинг охирги ҳуқуқбузарлиги учун жарима бали ҳисобланган вақтдан бошлаб, 6 ой давомида бошқа қоида бузмаса, умумий жарима балидан икки балл айириб ташланади. Агар жарима балининг умумий миқдори икки жарима балидан кам бўлса, барча жарима бали айириб ташланади ҳамда жарима балини ҳисоблаш муддати биринчи ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдан янгидан бошланади.

Ҳайдовчилар ўзининг жарима баллари ҳақидаги маълумотларни «E-jarimaball» модули ва махсус мобил илова ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали билиб олиши мумкин. Жарима бали ҳақида SMS хабар юборилади.

Жарима бали асосида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг электрон маълумотлар базаси жорий этилади.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарима балларини ҳисобланмайди. Бу амалиёт қачондан бошланиши номаълум. Қарор лойиҳасида Ички ишлар вазирлигига фото-видео қайд этиш тизими орқали ҳайдовчиларнинг шахсига аниқлик киритиш имконияти яратилгандан кейин бу тизим орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳам балл ҳисоблаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига хулоса киритиш топшириғи кўзда тутилган.

Қоидабузарлик учун қанча жарима баллари қуйидагича бўлиши белгиланган:

  • Техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва рухсатномасиз қорайтирилган ойнали транспорт воситаларидан фойдаланганлик учун - 0,5 балл;
  • Белгиланган ҳаракат тезлигини 20 км/соатдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориш - 0,5 балл;