Янгийўлдаги кўп қаватли уйда газ портлади
Ҳодиса оқибатида икки киши 60 фоиз куйиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Туман ҳокимлигига кўра, уй тўлиқ битказилиб топширилмагани сабабли бу ерда бошқа фуқаролар яшамайди.

Фото: Янгийўл тумани ҳокимлиги
Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги кўп қаватли уйларнинг бирида тўпланиб қолган газнинг чақнаши оқибатида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса 27 март куни соат 21:50 атрофида туманнинг Гулбаҳор маҳалласи Гулбаҳор кўчасидаги 1-уйнинг 2-қаватидаги 5-хонадонида рўй берган.
Оқибатда хонадон эгалари — 55 ёшли Б.А. ва унинг 51 ёшли турмуш ўртоғи Ў.А. танасининг 60 фоиз куйиши ташхиси билан туман марказий шифохонасига мурожаат қилган.
Портлаш оқибатида беш қаватдан иборат уйнинг 3 қаватидаги хонадонлар ойналари синган.
«Мазкур уй тўлиқ битказилиб топширилмагани сабабли бу ерда фуқаролар яшамасликлари аниқланди», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 1 март куни Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида жойлашган кўп қаватли уйларнинг биридаги хонадонда ҳам газ портлагани тўғрисида хабар берилганди.