Ёнг Кай Пинг билан кечган мулоқот чоғида Ўзбекистонда яримўтказгичлар соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, ўқув дастурлари, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини яратишда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Суҳбатдошга кўра, дунёда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланилмаётган кўплаб ижтимоий-иқтисодий соҳалар мавжуд. Шу боисдан, яримўтказгичларни турли соҳаларга жорий қилишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш учун катта салоҳият мавжуд.

Малайзия томони Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун инновацион ечимларни жорий қилишда, жумладан деҳқончилик, хусусан, пахтачилик, дончилик ва боғдорчиликда дрон технологияларини қўллашда, чорвачиликда қорамолларни электрон идентификациялашда фойдаланиладиган сунъий идрокнинг дастурий ишланмалари ва улар учун микрочипларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқаришда ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

SIDEC раҳбарияти билан Semiconductor IC Design Park инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда яримўтказгичларни лойиҳалаш бўйича малакали мутахассисларни тайёрлашда ва уларнинг амалий кўникмаларини шакллантиришда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.