Қишлоқ хўжалигини тўғри ислоҳ қилиш, эски даврдан қолиб кетган услублар ва бошбошдоқликдан воз кечиш давлат ва жамият олдида турган муҳим вазифалардан бири. Kun.uz таҳририятга келган бекободлик икки фермернинг дардини тинглади. Айтиш мумкинки, бу фермерлар гапириб берган муаммолар бошқа туманларда учрамайди, деб бўлмайди.

Назира опа, муаммоларингизни гапириб берсангиз.

Назира Боқиева, “Боқиева Назира” фермер хўжалиги раҳбари: Мен Тошкент вилояти Бекобод туманидаги "Боқиева Назира" фермер хўжалиги раҳбариман. 84 гектар ерда фермер хўжалик раҳбари бўлиб ишлаб келмоқдаман. Ёлғиз онаман, иккинчи гуруҳ ногирониман. 39 йилдан бери мана шу фермер хўжалик раҳбари бўлиб, ишлаб келмоқдаман ва шу кунгача “план”ларни 150-170 фоизгача бажариб келяпман. Ҳозирги кунда 38 гектар буғдой етиштиряпман, қолган еримда эса – пахта. Пахтада ҳар йили биринчи ўринда турамиз. Вилоят ва республика раҳбарлари мени танийди ва ҳурмат қилади.

2020-21 йилгача биз жуда яхши ишладик. Уч кунда пулимиз келарди. 2020 йилда кластер келди. Биринчи «APK Bekobod» кластерида Баҳромжон иш бошлади, биринчи ўринда пахтани, ғаллани «Рич» кластери Мақсудбек бошлади. Кейин давлат хариди учун 33 фоизини ажратишини айтди, қолган 67 фоизини эса «Рич» кластерга топширасизлар деди, шартнома туздик.

Пахтани биринчи сорт билан, биринчи теримда олий навларга топширдик. Мана уч йил бўлди, ҳали пахтамизнинг пулини бергани йўқ. Суд бўлди, суд қарор чиқарди. 1 миллиард 117 миллион ҳақдорлигимдан 210 миллионни ололмадим. Мажбурий ижро хатлари қўлимда турибди. Кейин «Рич» кластер буғдойимизни олди, у ҳам яримчала қилиб берди, қолган қарздорлигимизни ҳали беришни режалаштиргани йўқ. Вилоят, туман прокуратураларига мурожаат қилсак, “опа, булар банкрот бўлди, қарздорлик билан чиқди, тўлай олмайди”, дейишди. Ҳозир бир оддий фуқаро «Агробанк»дан кредит олса, кафил ёки гаров қўйиши керак. Бу кластер катта-катта ерларни олиб, минглаб фермерларни ишлатса, шартнома тузиб фермер режасини бажарса, нима учун қарздорликка чиқади? Биронта раҳбар келиб текширмаса. Шу шикоятни кўриб чиқайлик деб юқоридан ёки туманга комиссия бириктирилиб, қарздорлик кластер томонидан бўлмоқдами ёки фермер томондан, деб текширмаса. Кластер банкрот бўлса, айб бизда эмас, тўлашсин. Биз ўша харажатлар эвазига пулни олиб келаси йилга тайёргарлик кўриб, яна пахта етиштирамиз ва ишини давом эттирамиз. Ариқларни тозалаш керак. Мана, президентимиз айтади: “Ариқзовларни бетон қилинглар, кўчат экинглар, техника олинглар, маҳаллаларга кам таъминланган оилаларга ёрдам беринглар”.