Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 27 март куни Европа Иттифоқи вакили Кая Каллас билан учрашувда жаҳон ҳамжамияти диққат марказида турган мазкур тарихий саммитга тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва бўлажак қўшма тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.

Мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйеннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Мулоқот давомида савдо ва логистика, жумладан Транскаспий транспорт йўлаги салоҳиятини рўёбга чиқариш, рақамлаштириш, “яшил” энергетика, экология, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа устувор йўналишларда икки минтақа ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни илгари суриш, ташаббус ва лойиҳаларни амалга оширишнинг самарали механизмларини жорий қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ташкилотлари билан муносабатларини янада чуқурлаштириш, шунингдек, кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни қабул қилиш ҳамда мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шунингдек, 18 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё - ЕИ” биринчи саммити ва Иқлим форумини ташкил этиш ҳамда ўтказиш жиҳатлари кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда Европа Иттифоқи билан икки томонлама ҳамкорлик, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда ва бу алоқаларни изчил кенгайтириш учун кенг имкониятлар мавжуд.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимнинг тез фурсатда имзоланиши кутилмоқда. Транспорт ва логистика, энергетика, рақамлаштириш, қишлоқ ва сув хўжалиги, бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришдан икки томон ҳам манфаатдор.

Таъкидлаш жоизки, шу йилнинг март ойида Тошкентда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган икки стратегик лойиҳа бўйича келишув имзоланди. Европа Иттифоқи делегацияси вакиллари “Марказий Осиё учун алоқа” (C4CА) лойиҳаси бутун минтақада рақамли инфратузилма ва интеграцияни яхшилашга қаратилганлигини таъкидлаб, ушбу лойиҳа Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик ва иқтисодий алмашинувни ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этишди.