Жорий йил 4-5 апрел кунлари Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё экологик муаммоларга дуч келмоқда: барқарор ривожланиш ва фаровонлик учун минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш» мавзусида биринчи халқаро иқлим форуми ўтказилади. Мазкур форум нафақат Марказий Осиё минтақасидаги иқлим муаммоларига ечим топиш, балки минтақавий экологик муаммоларга ҳамкорликни кучайтириш орқали аниқ амалий таклифлар ишлаб чиқиш билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Форумнинг Ўзбекистон учун аҳамияти
Бугунги кунга келиб Ўзбекистон минтақадаги иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларга қарши курашиш ва барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим қадамларни ташлаб келмоқда. Самарқанд иқлим форуми Ўзбекистонга бир қатор афзалликлар тақдим этади. Хусусан:
- форум Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро экологик масалаларда етакчи давлат эканини кўрсатади. Бу эса бутун дунё давлатлари, экологик ташкилотлар, шунингдек, ташқи инвесторларнинг мамлакатга бўлган ишончини оширади;
- мазкур форум давомида Ўзбекистон ўзининг «яшил иқтисодиёт» бўйича стратегия ва дастурларини намоён қилади ҳамда илғор ривожланган хорижий давлатлар мутахассислари билан тажриба алмашади;
- Самарқандда халқаро даражадаги форум ўтказилиши шаҳарга сайёҳлар оқимини ошириш ва иқтисодий ривожланишга туртки бериши билан ҳам аҳамиятли ҳисобланади.
Форумда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари, 80 дан ортиқ давлат делегациялари иштирок этиши кутилмоқда.
Форумнинг Марказий Осиё давлатлари учун аҳамияти
Марказий Осиё минтақасида жойлашган мамлакатлар ҳам иқлим ўзгаришидан жиддий жабр кўрмоқда. Жумладан, ушбу минтақада яйловлар қуриб бораётгани, сув ресурсларининг тобора камайиб, танқис бўлаётгани ва чанг бўронлари бу муаммоларнинг аниқ мисоллари ҳисобланади.
Мазкур форум қуйидаги йўналишлар бўйича аҳамиятли ҳисобланади:
Минтақадаги ҳамкорликни кучайтириш – Марказий Осиё давлатлари иқлим ўзгаришлари ва экология соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришишлари кутилмоқда.
Муаммоларни комплекс таҳлил қилиш – Форумда иқлим ўзгариши ва экологик инқироз сабаблари ва уларнинг ечимлари бўйича таҳлиллар ўтказилади.















