Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси иш бошлади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати веб-сайти хабар берди.

Қайд қилинишича, Парламентлараро иттифоқ парламент дипломатиясини ривожлантириш, демократик институтларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш каби муҳим йўналишларда фаол иш олиб бормоқда.

Ташкилот миллий қонунчилик органларининг илғор тажриба ва амалиётларини ўзаро интеграция қилиш орқали замонавий таҳдидларни бартараф этиш бўйича парламентлар учун умумий стратегияларни ишлаб чиқишда кўмаклашиб келмоқда.

«Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати» мавзусида ўтказилаётган Ассамблеяда 190 та мамлакат, 15 та кузатувчи давлат ҳамда 25 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Ассамблея доирасида ижтимоий тараққиётга эришишда, адолатли жамиятни барпо этишда парламентлар иштирокни кенгайтириш ва фаоллигини оширишга қаратилган 90 га яқин турли тадбирлар ва дебатлар ташкил этилади.

Ассамблеяда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева сўзга чиқди ва Парламентлараро иттифоқ жаҳон сиёсий майдонида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлганини ҳамда парламент дипломатиясини ривожлантириш ва демократик институтларни мустаҳкамлаш борасида ўз фаолиятини амалга ошираётганини таъкидлаб ўтди:

– Бугун Янги Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ислоҳотлар изчиллик билан давом этмоқда, тараққиётнинг ҳал қилувчи босқичига қадам қўйилди. Миллий парламентларнинг ушбу жараёнларда муҳим ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий вазифаларни ҳал этишдаги роли, ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон парламенти халқаро парламент механизмларига фаол равишда интеграциялашиб бормоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик паалатаси спикери Нуриддин Исмоилов Парламентлараро иттифоқ ассамблеяси иштирокчиларини қутлаб, мазкур тадбирнинг парламентаризм тарихидаги аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди:

– Қонунчилик соҳасида, дунё миқёсидаги мулоқот ва шерикликни мустаҳкамлаш, парламентларнинг ижтимоий тараққиётни ва адолатни кўзлаган ҳолда фаоллик кўрсатиб, тажриба алмашиш борасида Парламентлараро иттифоқ истиқболда ўзининг мувофиқлаштирувчилик ролини янада кучайтиради деб умид қиламиз.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ассамблеянинг бош мавзуси “Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати” эканлигини қайд этиб, бу борада давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режаларга эътибор қаратди.