«Интер» «Бавария»ни қарши ҳужумларда жазолади
Италян клуби сафарда ғалаба қозонди, аммо ҳали ҳаммаси ҳал бўлмади.

Фото: Image Photo Agency/Getty Images
«Бавария» – «Интер» 1:2
Голлар: Мюллер – Мартинес 38, Фраттези 88
«Бавария» – Урбиг, Лаймер, Мин Жэ, Дайер, Станишич, Горетца, Киммиҳ, Олисе, Геррейру (Гнабри, 74), Сане (Мюллер, 74), Кейн.
«Интер» – Зоммер, Павар, Ачерби, Бастони, Дармиан (Биссек, 79), Барелла, Чалхонўғли, Мхитарян (Фраттези, 74), Аугусто, Мартинес, Тюрам.
Огоҳлантиришлар: Мин Жэ (28), Мартинес (53), Мхитарян (71), Фраттези 88.
ЕЧЛ чоракфиналининг биринчи ўйинида «Бавария» нафақат «Интер»га, балки жароҳатлар эпидемиясига ҳам қарши туришига тўғри келди. Сўнгги ҳафталарнинг ўзида жамоа лазарети Юпамекано, Ито, Дэвис, Коман ва Мусиала билан тўлдирилди. Бунгача у ерда Нойер ва Павлович ҳам ётганди. Натижада муҳим ўйинда «ўнлик» позициясида кутилмаганда чап қанот ҳимоячиси Геррейруни туширишга тўғри келди. Афсонавий Мюллер эса захирада қолди. Вазият оғир тус олганида у майдонга чиқди ва ҳал қилди, аммо немислар барибир ютқазиб қўйди.
Миланликлар илк дақиқалардан чуқур ҳимояга ўтирди ва тўпни ўз дарвозаси атрофида бир-бирига узатиб вақт ўлдириш билан шуғулланишдан тортинмади. Ва буни бир неча бор такрорлади. «Бавария» кучли прессинг уюштирди ва рақибни ўз ҳудудида хато қилишга мажбур қилди. Олисе тўпни жарима майдони ташқарисида эгаллаб олганида ҳисоб очилишига бир бахя қолди, Кейн ҳам қулай позициядан бош билан зарба берди, Геррейрунинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси ҳам хавфли чиқди.
Энг қулай имкониятни эса 25-дақиқада яна ўша Кейн қўлдан чиқарди: Олисе нариги устин қаршисида турган шеригини тўп билан таъминлади, аммо Зоммер билан яккама-якка ҳолатда қолган инглиз ҳужумчисининг айланма зарбаси тўрга бормади. Бу ҳужум «Интер» учун огоҳлик қўнғироғи вазифасини ўтади — жамоа ниҳоят олдинга ўтиши керак эди. Аввалига Аугусто яқин тўққизлик томон хавфли зарба йўллади, кейин Барелла анча ичкаридан берган узатмаси билан амалда Лаутарони яккама-якка вазиятга чиқариб юборди — Ким охирги паллада халал беришга улгурди.
Лекин аргентиналик ҳужумчи кўнглини чўктирмади ва бошқачароқ услубда гол урди: Аугусто тўп учун курашда Лаймердан устун келди ва қанотдан жарима майдонига пас берди, Тюрам тўпни товонда бир тегинишда Мартинесга қолдирди ва қулай позицияга чиқиб келган ҳужумчи бутсасининг ташқи қисми билан қайтариб бўлмас зарба йўллади.
Ўйиннинг иккинчи бўлимида «Интер» ҳисобни сақлашга ўйнади ва яна чуқр ҳимояга ётди. Шу билан бирга, хавфли қарши ҳужумларга чиқиб туришни ҳам унутмади: агар Урбигнинг сейви бўлмаганида, Лаутаро дублни расмийлаштириши ҳам мумкин эди. Бу ҳолда ўйинда интрига анча олдин тугаган бўларди. «Бавария» эса ҳадеганда рақиб ҳимоя деворини бузиб ўтолмади. Фақат бир вазиятда Геррейру ўзига келиб қолган тўпни тўхтатмай зарба йўллади, аммо тўп тўсин устидан ўтиб кетди. Италянлар анча вақтгача бошқа вазият яратишга йўл қўймади.
Боэ, Гнабри, Мюллер — уларнинг барчаси сўнгги ўн беш дақиқаликда ўйнаш учун тушишди. Шундан кейин чинакамига штурм бошланди. «Интер» таянч зонаси Кейн ва Мюллер хавфли вазиятлар яратишига йўл қўйди. Фақат зарбадаги хатолик ва ҳимоячиларнинг жонбозлиги голдан қутқариб қолди.
Ва барибир жавоб голи ҳам урилди. «Бавария»даги сўнгги мавсумини ўтказаётган Мюллер ўйинга драматик тус берган ҳолда ҳисобни тенглаштирди. Лаймер олис устун томон ажойиб узатма берди ва ҳимоячилар ортига очилган Томас уч метрдан аниқ зарба йўллади.
Мюнхенликлар қон исини олишди ва «Интер»ни таслим қилиш учун олдинга ташланишди. Аммо бунинг ўрнига қарши ҳужум билан жазоланишди. Барелла Аугустони олдинга ташлади, бразилияликнинг дарвозабон ҳудудига узатмасига Фраттези етиб келди ва ўйин тақдирини ҳал қилди. Индзаги жамоаси сабр қилиш ва максимум чиқариб олишнинг ҳадисини олганини яна бир бор исботлади.
Мезбонлар зарбалар бўйича 20:10, кутилган голлар кўрсаткичи 2,65 xG га 0,91 xG кўринишида устунликка эга бўлганига қарамай, мағлуб бўлишди. Италия чемпионлари навбатдаги марта статистикани чиппакка чиқарди ва яримфинал сари катта қадам ташлади. Энди ўз майдонидаги жавоб ўйинида рақибга янада камроқ имконият беради.
Тавсия этамиз
“Gentra – қоронғилик тимсоли” – Миршакар Файзуллоев
Ўзбекистон | 19:25 / 20.04.2025
АҚШда бир ой ичида минглаб талабаларнинг визалари бекор қилинди
Жаҳон | 23:47 / 18.04.2025
Тошкент вилоятидаги баъзи йўлларда рухсат этилган тезлик 80 км/соатгача чекланди
Ўзбекистон | 23:28 / 18.04.2025
Орол денгизининг қуриган туби йилдан йилга кўтарилиб бораётгани аниқланди
Ўзбекистон | 19:14 / 18.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ватикан Рим папасининг ўлими сабаби ва унинг васиятини эълон қилди
Жаҳон | 01:05
-
Кремл АҚШни «катта битим»га жалб қилиб, Трампни қизиқтирадиган таклифларни қидирмоқда — ОАВ
Жаҳон | 00:45
-
Хитойда 9 ёшли қиз 25-қаватдан тушиб кетиб омон қолди
Жаҳон | 00:22
-
Орландода йўловчи самолётида ёнғин чиқди
Жаҳон | 23:54 / 21.04.2025
Мавзуга оид

03:05 / 06.03.2025
«ПСЖ» «Ливерпул»га аламли тарзда ютқазди, «Барса» 10 киши бўлиб ғалаба қозонди

14:17 / 30.01.2025
ЕЧЛда гуруҳ босқичи якунлари: «Сити»ни ўтиш ўйинларида «Реал» ёки «Бавария» кутади

11:09 / 23.01.2025
«Сити» суперкамбэк қурбони, «Реал» 5 та гол урди, «Бавария»да йирик мағлубият. Кун ўйинлари

10:10 / 11.12.2024