АҚШнинг давлат қарзи чегараси яна оширилади
АҚШ расмийлари мамлакатнинг давлат қарзи учун белгиланган юқори чегарани оширади ва қарзнинг кейинги ўсиш муаммосини икки йилга ёпишни режалаштирмоқда. Айни вақтда АҚШнинг давлат қарзи 36,6 трлн доллардан ошиб кетган.

Фото: Raw Story
Бу ҳақда мамлакат президенти Доналд Трамп бошчилигидаги ҳукумат йиғилиши чоғида АҚШ молия вазири Скотт Бессент маълум қилди.
Айни пайтда АҚШ давлат қарзи 36,6 трлн доллардан ошган бўлиб, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 122 фоизидан кўпроғини ташкил этади. Шу билан бирга, ушбу кўрсаткичга штатлар, корпорациялар, жисмоний шахслар қарзлари, шунингдек ижтимоий нафақа ва соғлиқни сақлаш бўйича мажбуриятлар киритилмаган.
АҚШ давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2013 йилда 100 фоиздан ошиб кетган ва шундан бери бу даражадан пастламасдан, мудом кўтарилиб келмоқда.
Аввалроқ икки партиявий сиёсий марказ таҳлилчилари жорий йил июл-октябр ойларида АҚШда давлат қарзи бўйича дефолт юз бериши мумкинлигини башорат қилган эди. Яъни бундай ҳолатда Молия вазирлиги ўз мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажара олмай қолиши мумкин. Уларга кўра, бу сана тўғридан-тўғри апрел ойида солиқ йиғимлари орқали давлат бюджетига тушадиган даромад миқдорига боғлиқ бўлади.
Шунингдек, 4 март куни Standard & Poor’s рейтинг агентлиги 2025 йилда жаҳон давлат қарзи 3 фоизга ўсиб, 12,3 трлн долларни ташкил этишини тахмин қилган. Ушбу ўсиш иқтисодиётни рағбатлантириш, ҳарбий ва ижтимоий харажатлар ортиши ҳисобига юз бериши кутилмоқда.
Қайд этиб ўтиш жоизки, АҚШнинг узоқ муддатли давлат қарзи ҳозирда жаҳон давлат қарзининг 40 фоизини ташкил этади.
Мавзуга оид

00:45
Кремл АҚШни «катта битим»га жалб қилиб, Трампни қизиқтирадиган таклифларни қидирмоқда — ОАВ

23:00 / 21.04.2025
Теҳрон, Москва ва Римдаги музокаралар: Эрон ядро дастури бўйича битим асослари чизилмоқда

22:13 / 21.04.2025
Трамп: АҚШ ва Эрон яхши музокаралар ўтказди

19:11 / 21.04.2025