Ўзбекистонда мактабларни 5 кунлик тизимга ўтказиш петицияси парламентда кўриб чиқилиши мумкин. Kun.uz'га интервю берган ўқитувчилар айни ташаббус жуда керакли эканини, бунинг ортидан таълимдаги стрессни камайтириш, сифатга эришиш мумкинлигини айтишмоқда. Аммо устозлар таклифнинг ижобий томонларидан юз ўгирмаган ҳолда аввал мактаб дефицити ҳал қилиниши тарафдори. “Биринчи биз 2-3-сменаларни йўқотишимиз керак. Шундан кейин 5 кунлик ҳақида гапирсак бўлади”, – дейди респондентлардан бири.

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталига таълим муассасаларида дарсларни ҳафтасига 5 кунлик режимга ўтказиш ҳақида петиция жойлаштирилган.

Ўтган йили октябрида жойланган петицияни хозиргача 15 мингдан ортиқ инсон ёқлаган. Қоидага кўра энди депутатлар мактабларни 5 кунликка ўтказиш масаласини кўриб чиқиши керак.

Ушбу ташаббус тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Kun.uz айни кейс фонида соҳа одамларининг фикрлари билан қизиқди.

Сифат ва унум аксинча пасаяди”

Педагог Исроил Тиллабоев 5 кунлик тизимга ўтишга қарши эканини, бу муаммоларни келтириб чиқаришини тушунтиришга уринди.

Бир статистика кўргандим, 70 фоизга яқин мактаблар 2 сменада ўқийди, нечтасидир 3 сменада. Тасаввур қилинг, 2 сменали мактабларга 5 кунлик тизимни жорий этмоқчисиз, 8 дан бошланадиган дарсни 5 дақиқалик танаффуслар билан ҳисоблайдиган бўлсак – 7 соатлик дарсни сиғдирсангиз, у 2 да тугаши мумкин. 2 дан кейин 2-смена бошланса, қишлоқ шароитларда соат 5 да қоронғи тушади, шундай шароитларда 7-соат 6 ёки 7 да тугайди. Бу жуда катта қийинчиликни олиб келади.

Баъзи одамлар билан гаплашсангиз, бошқа давлатлар: Канадани мисол келтиради, лекин улардаги шароит билан биздагисининг ер билан осмонча фарқи бор. Уларда тўлиқ сменали мактаб, керак бўлса ҳафталик юкламаси ҳам кам, бизда хабарингиз бор, бир неча йил олдин Ўзбекистондаги мактабларда дарс юкламаси дунё миқёсида энг юқори дарс юкламалилар қаторига киритилганди. Мисол учун, 8-синф ўқувчилари 1 ҳафтада 33 соат дарс ўтади, 6 кунда керак бўлса 6 соатдан ўтаётган бўлса, 5 кунга қўйиладиган бўлса, боланинг ўзи чарчаб қолади. Таълим сифатига салбий таъсир қилади”, – деди у.