Bloomberg Ўзбекистонда электрон хизмат кўрсатувчи хорижий компания сифатида рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси хабар берди.

«Дунёдаги энг йирик молия ва бизнес маълумотлари терминали, таҳлил воситалари ва янгиликлар тизимини тақдим этувчи Американинг Bloomberg LP компанияси Ўзбекистонда ҚҚС солиқ тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди», дейилади инспекция хабарида.

Bloomberg LP бу – молиявий ахборот, дастурий таъминот ва медиа хизматларини тақдим этувчи хусусий компания бўлиб, 1981 йилда Майкл Блумберг томонидан асос солинган. Компания 70 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган хорижий интернет-компаниялари сони 69 тага етди. 2025 йил бошидан бери жами 9 та компания солиқ тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган.