Кашмирнинг Ҳиндистондаги қисмида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳини ўққа тутди. Полиция маълумотига кўра, 26 киши ҳалок бўлиб, 17 киши яраланган.
Ҳиндистон матбуотига кўра, қурбонларнинг икки нафари хорижликлар – Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари бўлган, яна икки нафари – маҳаллий аҳоли вакиллари, қолганлар эса мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан келган сайёҳлар эди.
Фожиа рўй берган Паҳалгам региони – сайёҳлар орасида машҳур жойлардан саналади. У Ҳиндистон ҳам, Покистон ҳам даъво қиладиган, расман ҳинд ҳукумати назоратидаги баҳсли ҳудудда жойлашган. Ҳудуддаги аҳолининг аксар қисми мусулмон динига эътиқод қиладиган кишилар.
Ҳужум Байсаран водийсида амалга оширилган – бу Паҳалгамдаги асосий йўлнинг бир томонида жойлашган ўтлоқ жой ҳисобланади. Бу ҳудудни Ҳиндистон Швейцарияси деб аташади, бу ерда Болливуднинг кўплаб филмлари суратга олинган. Бу жойга фақат пиёда ҳолда ёки вертолётда етиб олиш мумкин.
AFP агентлиги отишма овозларини эшитгач, воқеа жойига борган ва бир неча ярадорни отида эвакуация қилган, Ваҳид исмли маҳаллий гид билан гаплашган.
У ерда ётган бир неча жасадларнинг устидан чиққанини айтиб берган.
Гувоҳларнинг айтишича, туристларга ҳарбий формада бўлган бир неча киши ҳужум қилган. Улар воқеа жойидан яширинишга муваффақ бўлган. Ҳиндистон кучишлатар тузилмалари ҳудудни қуршовга олган, ўт очган шахсларни қидириш ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳужум учун жавобгарликни у қадар таниқли бўлмаган «Кашмир қаршилиги» қуролли гуруҳи ўз зиммасига олган. Ушбу гуруҳ ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида регионга 85 мингдан ортиқ «бегоналар» келиб ўрнашгани, бу эса «демографик ўзгаришлар»ни юзага келтиргани ҳақида ёзган. Гуруҳ шу туфайли регионга «ноқонуний келиб жойлашишга уринганлар»га нисбатан куч ишлатилиши билан таҳдид қилган.
Регион раҳбари Оман Абдулла Х ижтимоий тармоғида қурбонлар сонига аниқлик киритиш ишлари давом этаётганини айтиб, тез орада якуний маълумот берилишини айтган.
«Шубҳасиз, бу сўнгги йилларда тинч аҳолига нисбатан қилинган энг катта ҳужум», — дея қайд этган у.
Аввалроқ у ҳиссиётларга тўла пост ёзиб, унда «қалбининг туб-тубидан ларзага келгани»ни тан олганди.
«Меҳмонларимизга қилинган бу ҳужум — ҳақиқий ваҳшийлик. Бу терактни содир этганлар — одамлар эмас, фақат нафратга лойиқ бўлган ҳайвонлардир. Буни таърифлашга сўз етмайди», — деганди Абдулла.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳодисани террорчилик ҳужуми деб атаб, яқинларини йўқотганларга ҳамдардлик билдирган ва терроризмга қарши курашда қатъият янада кучайтирилишини ваъда қилган.


















