Чемпионлар Лигасининг асосий фаворити сифатида тилга олиб келинган Ҳанси Флик жамоаси қандай омиллар сабаб энг муҳим паллада панд еди? «Интер» ҳақида ҳали финалда ҳам гаплашиш имконияти бўлишидан келиб чиққан ҳолда, келинг, кечаги ўйинга «Барселона» ракурсидан қараб чиқсак.

ҚАНОТСИЗ «БАРСЕЛОНА»

Жерар Мартин икки ассист, Гарсия гол муаллифи бўлганидан сўнг «Барселона»нинг қанот ҳимоячилари ҳақида танқидий фикр айтиш мумкин эмасдек, аммо структуравий томондан жамоа ҳужумлари ташкил қилинишида асосий қанот ҳимоячилари – Кунде ва Балденинг йўқлиги билинди.

Замонавий футболда латераллар тўп билан ҳам, тўпсиз ҳаракатлар орқали ҳам ҳужум картинасини яратишда, ҳужумчиларга бўш ҳудудлар очишда муҳим фигура саналади. «Барселона»да Кунде ва Балденинг ўзига хос роли бор эдики, айнан улар билан тандемда Рафиня ва Ямалнинг энг зўр ўйинларини кўраётгандик.

Ямал «Интер»га қарши икки учрашувда ҳам энг фаол ўйинчи бўлгани сир эмас. Аслида Ямал доим фаол, аммо бир муҳим фарқ бор: «Интер»га қарши кечган 210 дақиқаликда Ямал 16 марта рақиб дарвозасига зарба берган – ўртача ҳар 13 дақиқада 1 зарба. Ямалнинг Кунде билан бирга тушган ўйинларини алоҳида олсак, Ла Лигада бу кўрсаткич ҳар 22 дақиқада 1 зарба, Чемпионлар Лигасида эса ҳар 24 дақиқада 1 зарбага тенг.

Бу шуни англатадики, Кунде доим ҳужумда қўшимча вариант сифатида Ямални қўллаб-қувватлаб келган. Вазият қийинлашганда Ямалда доим Кундега тўпни етказиб бериш ва ўзи учун қулайроқ позицияга ўтиб, қайтариб олиш имконияти бор эди. Жуфтлик бу жиҳатдан ўз вақтидаги Роналду- Марсело тандемини эслатиб юбораётганди.

Кундесиз Ямал жуда кўп марта ноқулай нуқталарда ҳам зарба беришга ёки мажбурий дриблингга қўл уришига тўғри келди, қулай позицияга чиқиш имконияти қийинлашиб кетди. «Интер»га қарши биринчи ўйинда Ямал гол урганидан кўп ўтмай Кунде жароҳат олиб майдондан чиқиб кетди ва шундан сўнг ёш футболчи бошқа гол ҳам, ассист ҳам амалга ошира олмади.

«Барселона» қанчалик Ямал орқали ўйнашга уринмасин, Ямал ҳам «Интер» билан қарама-қаршиликда ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатган бўлмасин, Кунденинг йўқлиги сезилди. Ямал одатдагидан анча кам ҳолатларда қулай нуқталарда тўп билан учрашди.

Балденинг ўрни эса имкон қадар қанотни кенгайтириш орқали, яримчапқанотда Рафиняга ҳудудлар очиш билан боғлиқ. Ўтган мавсумларда ҳақиқий вингер сифатида ўйнаган ва у қадар муваффақият қозонмаган Рафинянинг «Олтин тўп»га даъвогарлар қаторига қўшилишида айнан мана шу позиция муҳим – бразилиялик ҳужумчи марказга яқинроқда тўп сурганда қулай вазиятларга чиқади. Жерар Мартин 2-бўлимда фаоллашган бўлса-да, «Барселона»га мавсум давомида жуда сермаҳсул бўлишига замин яратган ҳужум структуралари кўнгилдагидек ишламади. Фликнинг хавфли вазиятлар генераторига айланиб кетган формулалари ишламагани, натижада ҳужум ташкил қилишда футболчиларнинг креатив маҳоратига таяниб қолинганининг сабаби ҳам мана шу чизиқлардаги оптимал таркиб аъзоси бўлган футболчилар жароҳатлангани бўлди, дейиш мумкин.