14 май куни кечқурун Россия президенти Владимир Путин Истанбулда Украина билан музокараларда делегация таркибини тасдиқлади. Унга президент ёрдамчиси Владимир Мединский раҳбарлик қилди.

Табрик йиғилишида Путиннинг ўзи ва делегация аъзоларидан ташқари Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу, бош вазир ўринбосари Денис Мантуров, президентнинг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков, мудофаа вазири Андрей Белоусов, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников, ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин, Россия гвардияси раҳбари Виктор Золотов, Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов ва «махсус ҳарбий операция зонаси»даги гуруҳлар қўмондонлари иштирок этди.

Бу одамларнинг баъзилари музокаралар учун Истанбулга ўзи ҳам бориши мумкин эди. Аммо у ерга Мединский, ТИВ раҳбари ўринбосари Михаил Галузин, Бош разведка бошқармаси (ГРУ) бошлиғи Игор Костюков ва мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин борадиганбўлди. Туркияга шахсан ташриф буюрган Украина президенти Володимир Зеленский Россия делегациясининг бундай таркибини «сунъий» деб атади.

Аслида бу 2022 йил баҳорида Истанбулда Украина билан музокаралар олиб борган ўша делегациядир: Мединский бошчилигида; МДҲга масъул ташқи ишлар вазири ўринбосари (2022 йилда у Андрей Руденко эди, ҳозир – Галузин); халқаро ҳарбий ишлар бўйича мудофаа вазири ўринбосари (ўшанда ҳам, ҳозир ҳам генерал Фомин). Бунинг устига ҳарбий разведка бошлиғи генерал Костюков.

Россиялик собиқ дипломат Борис Бондарев «Медуза» билан суҳбатда дастлабки учликнинг музокаралардаги иштирокига 
изоҳ берди. Унинг фикрича, уларнинг делегация таркибига киритилиши Путиннинг 2022 йилги музокараларга қайтиш ва «ҳеч нарса бўлмагандек кўриниш» истагидан далолат беради: уч йил ўтди – биз ҳамон ўша жойда турибмиз.

2022 йилда Мединский бошчилигидаги делегация Истанбулга келиб, Украинадан амалда таслим бўлишни талаб қилганди: қуролли кучларни кескин қисқартириш, НАТОга қўшилишдан воз кечиш ва Қримни куч билан қайтаришга уринишлардан воз кечиш.

Бондаревнинг таъкидлашича, делегация таркиби Путин музокараларга жиддий ёндашмаётганини англатмайди. Шуниси эътиборга лойиқки, у музокаралар чоғида ўт очишни тўхтатишга рози бўлмади: бу, Бондаревнинг фикрича, Россия ҳар қандай дипломатик ҳаракатларга қарамай, «Украинадан шафқат сўрамагунча босим ўтказиш» ниятида эканини кўрсатади.