Низом 2025 йил ҳосилидан бошлаб ҳар йили пахтадан 50 центнер/гектар, ғалладан 80 центнер/гектардан юқори ҳосил олганини солиқ ҳисоботларида акс эттирган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига келгуси йилда ижарага олинган жами ер майдонининг 25 фоизига алмашлаб экиш усулида чорва учун озуқа, сабзавот, полиз, картошка, мойли ва дуккакли экинларни экиш (жойлаштириш) тартибини белгилайди.
Ҳар бир туманда туман (Қувасой шаҳар) ҳокимлиги томонидан юқори ҳосилдорликка эришган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантиришга кўмаклашувчи туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳи намунавий таркибда тузилади.
Юқори ҳосилдорликка эришган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари манзилли рўйхатга киритиш тўғрисида ҳар календар йилнинг 20 декабрига қадар ишчи гуруҳга электрон ёки ёзма шаклда ариза билан топширилган маҳсулот ҳисоб-фактураси, солиқ ва статистика ҳисоботларининг тасдиқланган нусхаларини илова қилган ҳолда мурожаат қилади.
Ишчи гуруҳ уч иш кунида қуйидагиларни ўрганиб чиқади:
- пахта ва ғалла ҳосили электрон тарози орқали қабул қилингани;
- юқори ҳосилдорлик электрон ҳисоб-фактура орқали тасдиқлангани;
- юқори ҳосилдорлик солиқ ва статистика ҳисоботларида акс эттирилгани;
- ҳисобот ва кўрсаткичларнинг ҳаққонийлиги.
Ишчи гуруҳ ҳар календар йилнинг 25 декабрига қадар юқори ҳосилдорликка эришган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари манзилли рўйхатини шакллантиради.
Қуйидаги ҳолларда юқори ҳосилдорликка эришган талабгорларнинг манзилли рўйхатга киритиш тўғрисидаги мурожаатлари рад қилинади:
- пахта ва ғалла ҳосили электрон тарози орқали қабул қилинмаганда;
- юқори ҳосилдорлик электрон ҳисоб-фактура орқали тасдиқланмаганда;
- юқори ҳосилдорлик солиқ ҳисоботларида акс эттирилмаганда;
- корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотлар базасида мурожаат қилган хўжалик юритувчи субъект фаол ҳолатда эмаслиги;
- юқори ҳосилдорликка ҳисоботларга қўшиб ёзиш ёки икки ва ундан ортиқ ишлаб чиқарувчилар кўрсаткичларини сунъий бирлаштириш орқали ёҳуд бошқа ғайриқонуний ҳаракат натижасида эришилган бўлса.
Тасдиқланган манзилли рўйхат ишчи гуруҳ томонидан ҳар календар йилнинг 31 декабрига қадар туман ҳокимлигига киритилади.

















