Дунё тажрибасида одатий ҳолга айланиб улгурган, одамларни жамоат транспортидан фойдаланишга ундайдиган йўлбўйи пулли автотураргоҳлар Тошкентда ҳам пайдо бўлди. Тарифлар – соатига 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача. Kun.uz мухбири аҳоли вакилларидан бу янгиликка ва белгиланган нархларга муносабатини сўради. Нархларни Олмаота билан таққослаганда, Тошкентда анча қимматлиги маълум бўлади.

8 майдан бошлаб Тошкентда илк йўлбўйи пулли автотураргоҳлар иш бошлади. Ҳозирча бундай тураргоҳлар шаҳар марказида: Амир Темур хиёбони айланмаси, Миробод, Истиқлол, Истиқбол, Содиқ Азимов, Шаҳрисабз ва Глинка кўчаларининг айрим қисмларида ишлаб турибди.

Жаҳон тажрибасида автомобил тўхтаб туриш жойларининг пулли бўлиши – аҳолини жамоат транспортидан фойдаланишга рағбатлантириш чораси сифатида кўрилади.

Режага кўра, сентябрга қадар Тошкентдаги пулли тўхташ жойлари жами 86 та кўчага ёйилади. Тарифларни пойтахт ҳокими тасдиқлаган: соатига 5 мингдан 12 минг сўмгача – шаҳар марказига яқинлашган сари нархлар ошиб боради. Қизил зона учун – 12 000, оловранг зона – 10 000, яшил зона – 8000, кўк зона – 6 000, бинафшаранг зонада – 5 000 минг сўм тариф белгиланган.

Йўлбўйи автотураргоҳлар ташкил этиш ҳуқуқини аукционда Streetpark Systems ютиб олган.

Хўш, бу янгиликка ҳайдовчиларнинг муносабати қандай, белгиланган нарх қанчалик маъқул? Kun.uz мухбири Амир Темур хиёбони айланмасида бу пулли хизматдан фойдаланаётган ҳайдовчиларга микрофон тутди.

Айримлар автомобилини қўйган жой пулли эканидан бехабарлигини айтди. Аксарият респондентлар эса пулли тўхташ жойининг 1 соати 12 минг этиб белгиланганига эътироз билдирди.

“Соатига 12 минг сўм – бу Европа даражасидаги нарх. Аҳолимизнинг ойликларига билан мос эмас. Тахминан 5-7 минг сўм бўлса, ёмон бўлмасди. Францияда яшаганман, у ердаги шаҳарларда аллақачон қонга сингиб кетган одат. Агар сиз шаҳарнинг қоқ марказида бўлсангиз, соатига камида 2,7–3 евро атрофида, сўмга ҳисоблайдиган бўлсак, 45-50 минг бўлади. Маҳаллий кичик шаҳар ёки қишлоқларда пулли парковкалар бўлса, унда 1 евро атрофида бўлади”, – дейди суҳбатдошлардан бири.