Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Суриядаги хорижлик жангариларни армия таркибига киритиш режасини маъқуллади
АҚШ яқин вақтгача Сурия хавфсизлик кучларида чет эллик жангариларнинг иштирок этишига йўл қўйилмаслигини таъкидлаб келган. Бироқ президент Доналд Трампнинг Яқин Шарқ сафари ва Сурия муваққат президенти Аҳмад Аш-Шараъа билан Ар-Риёзда учрашувидан сўнг Американинг позицияси ўзгарди.
АҚШ Башар Асад режимига қарши курашган қуролли гуруҳларнинг минглаб хорижлик аъзоларини миллий армия сафига қўшиш ҳақидаги Сурия ўтиш даври раҳбарияти режасига рози бўлди. Бу ҳақда Сурия бўйича АҚШ махсус вакили Томас Барак, шунингдек, Суриядаги бир қанча ҳарбий манбаларга таяниб Reuters хабар берди.
Сурия Мудофаа вазирлигининг уч вакилига кўра, Сурия армиясининг янги 84-дивизиясига 3500 га яқин хорижлик – асосан Хитой (уйғурлар) ва Марказий Осиёдан келганлар киритилади. Шунингдек, унга Сурия фуқаролари ҳам киритилади.
Доналд Трампнинг Сурия бўйича махсус вакили Томас Барак агентликнинг АҚШ Суриянинг янги армияси таркибига хорижлик жангчиларни киритишни маъқулладими, деган саволига «Мен шаффофликка асосланган ўзаро тушуниш борлигини айтган бўлардим», деб жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, «жангариларни янги ҳукумат лойиҳасидан четлатгандан кўра, унга киритган маъқул».
АҚШ яқин вақтгача Сурия хавфсизлик кучларида чет эллик жангариларнинг иштирок этишига йўл қўйилмаслигини таъкидлаб келган. Бироқ президент Доналд Трампнинг Яқин Шарқ сафари ва Сурия муваққат президенти Аҳмад Аш-Шараъа билан Ар-Риёзда учрашувидан сўнг Американинг позицияси ўзгарди. Вашингтон Асад режимига нисбатан жорий қилинган санкцияларни босқичма-босқич бекор қила бошлади ва Баракни Суриядаги махсус вакил этиб тайинлади.
Сурия Мудофаа вазирлигига яқин икки манбага кўра, Аш-Шараъа ва унинг иттифоқчилари Ғарб ҳукуматларини армия сафига хорижлик жангчиларнинг киритилиши уларнинг трансмиллий қуролли гуруҳларда иштирок этишга қайтиш хавфини камайтиришига ишонтириб келган.
Гап Асадга қарши қуролли гуруҳларнинг собиқ аъзолари, жумладан, ўтган йили Асадни ағдаришда муҳим рол ўйнаган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) ҳаракати ҳақида кетмоқда. Ҳокимият алмашганидан кейин уларнинг тақдири Сурия янги раҳбариятининг Ғарб давлатлари билан муносабатларидаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолди.
Бу жангчиларнинг аксарияти аввалроқ Сурия армиясига қарши жанг қилган, бир қисми Хитойда террорчи сифатида тан олинган Туркистон ислом партияси (ТИП) таркибига кирган. Пекин бу гуруҳнинг таъсири кучайиб бораётганидан хавотир билдирди ва Сурия раҳбариятини экстремизм ва терроризмнинг барча кўринишларига қарши туришга чақирди. Бунга жавобан ташкилот вакили гуруҳ мустақил тузилма сифатида ўз фаолиятини тўхтатганини ва Сурия Мудофаа вазирлиги назорати остида фаолият юритаётганини айтди.
Декабрь ойида бир қанча собиқ хорижлик жангари қўмондонларнинг Сурия армияси юқори лавозимларига тайинланиши қатор Ғарб давлатларида хавотир уйғотди. Бироқ, сиёсий маслаҳатлашувлар, жумладан, Трамп ва Аш-Шараъа ўртасидаги учрашувдан сўнг, баъзи даъволар бекор қилинди.
Мавзуга оид
08:50
АҚШ Эронга қарши янги зарбалар берди
21:33 / 09.06.2026
Хитойнинг ўнлаб компаниялари Пентагоннинг қора рўйхатига киритилди
18:31 / 09.06.2026
АҚШ сайёҳлик ва бизнес визалари учун тезкор суҳбат бўйича пуллик хизматни йўлга қўяди
15:12 / 09.06.2026