АҚШ президенти Доналд Трамп 12 давлат фуқароларининг АҚШга киришини тўлиқ тақиқлаш ҳақидаги фармонни имзолади. Республикачи бу қарорини 4 июн, чоршанба куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди. Батафсил пресс-релиз Оқ уй сайтида чоп этилди.
Умумий тақиқ 12 давлат фуқароларига тааллуқлидир: Афғонистон, Мянма, Чад, Конго Республикаси, Экваториал Гвинея, Эритрея, Ҳаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман. Қўшма Штатларда қонуний доимий резидентлар ва амалдаги визалар эгалари учун истиснолар мавжуд. Давлатлар рўйхати АҚШ Давлат департаменти январ ойидан бери ўтказган таҳлилига асосланади.
Қисман тақиқ Бурунди, Куба, Лаос, Серра-Леоне, Того, Туркманистон ва Венесуэла фуқароларига тегишли. Уларга меҳмонга бориш ва талабалик визалари берилмайди. Бироқ, ишлаш ёки америкалик қариндошлар билан учрашиш учун визалар ўз кучида қолади.
Доналд Трампнинг сўзларига кўра, Колорадо штатининг Боулдер шаҳрида яҳудий фаолларига қарши уюштирилган антисемит ҳужум бундай чора-тадбирларга сабаб бўлган. АҚШда рафиқаси ва болалари билан ноқонуний яшаётган 45 ёшли Миср фуқароси «Фаластинга озодлик!» деб ҳайқирар экан, оломон устига молотов коктейли улоқтирди. 15 киши, жумладан, Холокостдан омон қолган пенсионер яраланди, дея хабар бермоқда Associated Press.















