2025 йил 8 июн куни Россия кучишлатар тузилмалари Москва шаҳрининг Строгино туманида мигрантларга қарши рейд ўтказди. Маҳаллий ОАВларга кўра, рейд тадбири РФ Мудофаа вазирлигига қарашли объектлардан бирида МДҲ давлатларидан келган фуқаролар яшайдиган ётоқхонада ўтказилган. Тадбирда меҳнат муҳожирларининг ҳужжатлари текширилган, уларнинг айни қайси давлат фуқаролари эканига ойдинлик киритилмаган.
Рейд давомида Омон махсус бўлинмаси марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига қўпол ва ноинсоний муносабат қилган. Хусусан, мигрантлар хоналардан ҳайдаб чиқарилган, куч тузилмалари ходимлари мигрантларни ҳақорат қилган, куч ишлатиб урган ва тепган, баъзиларига ҳаттоки электрошокер билан ҳужум қилган. Бундай ноқонуний ҳаракат куч тузилмаларининг ўзи томонидан видеога олиб турилган.
«База» нашри маълумотларига кўра, рейд натижасида ходимлар ҳужжатларида муаммо бўлган 5–6 кишини бўлинмага олиб кетган. Ҳозирча Москвада ўтказилган ушбу рейд ҳақида бошқа маълумотлар йўқ.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси Москвада бўлган ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат берди.
«Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Россия федерациясининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан расмий маълумот кутилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Москва шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси ушбу масалани назоратга олган.
Маълумотларга кўра, рейд якунида ҳужжатларида муаммо аниқланган 5–6 нафар шахс ушлаб қолиниб, ҳолатни аниқлаш мақсадида ички ишлар бўлимига олиб кетилган», дейилади ваколатхона баёнотида.
Шунингдек, Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ушбу вазиятда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари мавжуд бўлса, жумладан, уларга тан жароҳатлари етказилган, ҳуқуқлари бузилган ёки бошқа муаммоларга дуч келган бўлса, ҳолат юзасидан мурожаат қилишни сўраган.
Агентликнинг Россиядаги алоқа маълумотлари:
Телефон: +7 925 045-47-44
Telegram: @pomoshrussiamigrant
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов Kun.uzʼга «айни вақтда ҳолат ўрганилаётганини» маълум қилди.
















