ЖЧ-2026 саралаш боcқичи доирасидаги Ўзбекистон – Қатар ўйинидан олдин миллий жамоа бош мураббийи Темур Кападзе ва жамоа сардори Элдор Шомуродов матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.

- Ҳозир оғир ўйиндан кейин кайфият ва жисмоний ҳолат бўйича бизда ҳаммаси жойида, деди Кападзе. Тўғри, Остон Ўруновда жароҳат бор, аммо умид қиламизки, у тез орада сафга қайтади. Отабек Шукуровда ҳам кичик жароҳат бор, эртага унинг ҳолатини тўлиқ аниқлаб оламиз.

Бош мураббий БАА (0:0) билан ўтказилган ўйин ҳақида тўхталиб, биринчи галда жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш вазифасини уддалаш муҳимроқ бўлганини айтди.

«Шу сабабдан қандай услубда ўйнаш аҳамиятга эга эмасди. Босим юқори бўлгани боис ҳаммасини назорат остида ушлаб турдик. Прагматик футбол кўрсатдик, демаган бўлардим. Қатарга қарши эса босим камаяди, шубҳасиз. Бизда босим бўлмайди, демайман. Ҳар ҳолда, мухлисларимиз ва президентимиз қаршисида тўп тепиш масъулияти бўлади. Шунга қарамай, вазифани ижобий ҳал қилганимиз биздаги босимни камайтирди», деди Кападзе.

Бош мураббий навбатдаги рақиб Қатар ҳозир қулай рақиб эмаслигини, бироқ, улардан кучли эканимизни таъкидлади.

«Мен ўйнаган пайтда Қатар қулай рақиб ҳисобланарди. Бироқ ҳозир вазият ўзгарган. Қатарликлар Осиё чемпиони бўлди ва бу сафар ҳам бизга муаммо туғдира олади. Айтишим мумкинки, айни пайтда улардан ҳар жабҳада кучлимиз. Осиё кубогидаги ва жаҳон чемпионати саралашидаги мағлубиятларда омад улар томонда бўлганини таъкидлаш лозим», деди Кападзе.

Бош мураббий миллий жамоанинг собиқ устози, соғлиғидаги муаммо туфайли лавозимини тарк этишга мажбур бўлган Сречко Катанецни ҳам тилга олди.

«Катанец билан муносабатимиз яхши. У билан олимпия жамоамизда ишлаган вақтимда ҳам кўп алоқага чиқиб турардик. Мундиалга чиқишимизда унинг ҳам ҳиссаси юқори, албатта. Сречконинг тақдирланиши мени ҳам қувонтирди. Ҳар бир инсон муносиб эътироф этилгани учун ҳам раҳбариятимизни ҳурмат қиламан», деди Кападзе.

Миллий жамоа сардори Элдор Шомуродов Қатарга қарши ўйинда ғалаба билан мухлисларга муносиб совға туҳфа этишга ваъда берди.