Жаҳон | 10:32 / 10.06.2025
2292
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳукумати «чет эл агенти» тўғрисидаги қонунни кучайтиришни маъқуллади

Россия Федерациясида «чет эл агентлари»га нисбатан жиноий ишлар уларга биринчи жарима солинганидан кейин очилиши мумкин. 300 дан ортиқ кишига янги қоидалар таъсир қилиши мумкин.

Фото: РИА Новости

Россия ҳукумати «хорижий агентларга нисбатан жиноий ишларнинг тезроқ очилишига имкон берувчи жиноий жавобгарликни кучайтириш» қонун лойиҳасини маъқуллади. Қонун лойиҳасини тайёрлаган Давлат думасининг хорижий аралашув фактларини текшириш комиссияси раҳбари Василий Пискарев 9 июн, душанба куни ташаббус қабул қилинганини маълум қилди.

Ташаббус Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 330.1-моддаси 1- ва 2-қисмларига ўзгартириш киритишни таклиф қилади. Амалдаги таҳрирда бу моддалар «чет эл агенти» фаолияти тартибини бузганлик учун 19.34-моддага асосан бир йил давомида икки марта маъмурий жаримага тортилган бўлсагина, «чет эл агентлари»ни жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутади. Россия Федерациясида бундай ҳуқуқбузарликлар рўйхати жуда кенг — масалан, «чет эл агентлари» ижтимоий тармоқларда ўз мақомлари кўрсатилмагани ёки ўз фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни расмий органларга топширмагани учун жаримага тортилиши мумкин.

Келгусида қоидабузарларга нисбатан биринчи жаримадан кейин жиноий иш қўзғатиш, шунингдек, диспозициядан қоидабузарликларни ҳар йили «нолга тушириш» тамойилини олиб ташлаш таклиф этилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси аввалроқ Россия Федерацияси Олий суди томонидан маъқулланган эди, деди Пискарев. Энди у Давлат думаси томонидан кўриб чиқилиши керак, унинг қуйи қўмитаси ташаббусни ишлаб чиқди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид