Марказий банк тадқиқотига кўра, Google'да “насия” сўзининг (лотин ва кирилл алифбосида) қидирувлари 2021 йил охиридан бошлаб кескин ўса бошлаган. Айниқса, лотин алифбосида ёзилган “насия” сўзи бўйича қидирувлар аниқ ва юқори ўсувчан трендни кўрсатмоқда. Бундан келиб чиқилса, насия савдога кўпроқ ёшлар қизиқиш билдирмоқда.
Насия ташкилотлари қўядиган устама
Iphone 16 Pro Max (256 GB) телефони мисолида ўрганилганда, агар товар 12 ойлик тўлов режаси билан насияга сотиб олинса, дўкон ва насия таъминотчиларига қараб товарнинг умумий қийматига 27,3 фоиздан 44,3 фоизгача (ўртача 39,6 фоиз) устама қўшилади. Буни банклардаги фоиз ставкасига конверсия қилганда, 47,1 фоиздан 73,8 фоизгача (ўртача 66,5 фоиз) бўлган ставка келиб чиқади.

Шунингдек, дастлабки тўловни ўз ичига олувчи насия савдосининг бошқа тури ҳам мавжуд. Масалан, “Brostore.uz” маиший техника дўконида юқорида танланган товар нархи 17 770 000 сўмни, дастлабки тўлов эса 30 фоизни, яъни 5 331 000 сўмни ташкил этади. Қолган 12 439 000 сўм 12 ойга бўлиб тўланса, ойлик тўлов миқдори 1 805 254 сўмни, товарнинг умумий қиймати эса 26 994 050 сўмни ташкил қилади, бу эса 51,9 фоизлик ортиқча тўловга тенг (маълумотлар 2024 йил декабр ойи ҳолатига).
Бошқа бир шаклда, “Idea” дўконлари маиший техникани ортиқча тўловларсиз, 6 ойга насияга сотишини эълон қилган. Бунда, Iphone 16 Pro (128 GB) телефонининг нархи 6 ойга бўлиб тўлангани учун 21 990 000 сўм деб белгиланган. Марказий банк ўрганишларига кўра, бу нарх – бозордаги ўртача нархга (14,4 млн сўм) нисбатан 52,4 фоизга юқори (маълумотлар 2024 йил декабр ойи ҳолатига).
Насия савдо ташкилотлари ҳолати
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Кредит-ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) кредит бюроси билан шартнома тузган чакана савдо корхоналари сони 307 тани (бундан 53 таси ЯТТ) ташкил этмоқда. Ҳудудлар кесимида бу корхоналарнинг 36,2 фоизи Фарғона вилоятида, 23,2 фоизи Тошкент шаҳрида, 12,6 фоизи Наманган вилоятида, 7,5 фоизи Андижон вилоятида ҳамда 5,5 фоизи Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган.

















