А гуруҳи

«Интер Майами» (АҚШ) – «Порту» (Португалия) 2:1
Голлар: Сеговия (47), Лионел Месси (54) – Саму (пен, 8)
«Интер Майами»: Оскар Устари, Максимилиано Фалкон, Ноа Аллен, Йен Фрей (Фафа, 79), Марсело (Томас Авилес, 63), Тадео Алленде (Алба, 79), Серхио Бускетс, Бенжамин Кремаши, Теласко Сеговия (Редондо, 55), Лионел Месси, Луис Суарес.
«Порту»: Рамуш, Фернандеш (Боргес, 70), Педро, Маркано (Дениз, 87), Мариу, Варела (Гомес, 7), Вейга (Стефан, 59), Моура (Отавио, 87), Виейра, Мора, Саму.

«Интер Майами» яна муаммога дуч келди ва иккинчи ўйинда ҳам дарвозасига пеналти белгиланди. «Ал-Аҳли»га қарши ўйинда қутқарган 38 ёшли Устари яна қаҳрамонлик кўрсатишга яқин эди, аммо у Саму Агехованинг зарбаси йўналишини топган бўлса-да, тўп унинг қўлига тегиб ўтиб кетди. Тезкор голдан кейин «Порту» рақиб олдинга ўтишидан фойдаланиб, хавфли қарши ҳужумлар уюштиришда давом этди.

Айниқса португалиялик 18 ёшли Родригу Мора майдонда яққол ажралиб турди. У товони билан паслар берди, чиройли дриблинглар ишлатди, Варелани қулай вазиятга чиқарди (тўп устунга борди), ўзи ҳам хавфли зарба йўллади (тўпни дарвоза чизиғи устида Фалкон тўхтатиб қолди). У ўйинни персонал бенефисига айлантириб, Мессини сояда қолдира бошлади. Лекин Лео жавоб голи урилиши учун қаттиқ тер тўкди: майдон марказида тўпни эгаллаб олиб, жарима майдони ичидаги Суаресга ажойиб узатма берди, аммо ҳужумчи «Порту» дарвозабони Клаудиу Рамуш билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади.

Иккинчи бўлимни эса Хавиер Маскерано жамоаси идеал бошлади. Ҳужум Бускетснинг майдон марказидан қанотга тўп узатиши билан бошланди, ҳужумга қўшилган Вейгандт қанотдан жарима майдони марказидаги Сеговияни топди, венесуэлалик ҳавбек тўпни тўхтатмасдан дарвоза тўрига йўналтирди. «Интер» ўйинни кучайтиришда давом этди, рақиб футболчилари эса бу дақиқаларни жуда ишончсиз ўтказди. Мессини фақат қўполлик билан тўхтатишди. Бу эса жарима зарбаларига олиб келди. Леонинг аввалига 30 метрдан йўллаган зарбаси бироз хато кетди, жарима майдони чизиғи яқинидаги фол эса унинг юқори бурчакка йўллаган аниқ зарбаси билан якунланди. Аргентиналик футболчининг Флорида жамоасидаги 50-голи оддий гол бўлмаслиги ҳам керак эди.

«Порту» нокдаундан ўзига кела олмади, зарбалар бўйича 14:6 ҳисобидаги устунлик португалларга битта ҳам очко келтира олмади.

Шу билан бирга, океан орти вакиллари ҳисобдаги устунликни сақлаб қолиш учун сўнгги дақиқаларда матонат кўрсатишига тўғри келди. Жумладан, жароҳатдан энди қайтган Жорди Албани майдонга ташлаш орқали. Унинг тажрибаси ва Месси билан ўзаро тушуниши — гуруҳ босқичи финишида жамоага асқатиши тайин. Икки ўйинда тўрт очко жамғарган «Интер Майами»ни энди 24 июн куни сўнгги турда гуруҳ пешқадами «Палмейрас»га қарши ўйинда дуранг ҳам қониқтиради. Бу ҳолда «Порту»нинг «Ал-Аҳли» билан ўйини қуруқ расмиятчиликка айланади.