Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ Эрондаги ядровий объектларга зарба берди

АҚШ авиацияси Эрондаги учта ядровий объект — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга ҳужум уюштирди. Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида ёзишича, Фордодаги асосий объектга «юкланган барча бомбалар ташланган».

«Биз Эрондаги учта ядровий объектга жуда муваффақиятли ҳужумимизни якунладик», – дейилади Америка президенти постида. Кейинги постида Трамп бу АҚШ, Исроил ва бутун дунё учун тарихий палла эканини билдирган. «Энди Эрон урушни тўхтатишга рози бўлиши лозим», – деган у.

АҚШ ҳарбийлари Фордодаги ядровий объектга бункерга қарши 6 та бомба ташлаган, шунингдек, Исфаҳон ва Натанздаги объектлар бўйлаб Tomahawk русумли 30 ракета учирган. Кўп ўтмай Эрон томони Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги объектларга ҳужум қилинганини тасдиқлади. Эрон давлат телевидениеси сиёсий директори ўринбосари Ҳасан Абединий Эрон «жиддий зарар кўрмагани, чунки материаллар аллақачон олиб чиқиб кетилгани»ни таъкидлаган.

Эронга берилган зарба атрофидаги воқеалар

АҚШ 22 июнь куни Эроннинг ядровий объектларига Б-2 бомбардимончилари билан қилинган ҳужум операцияси «Midnight Hammer» - "Тунги болға" деб номланиб, 75 та юқори аниқликдаги бомба, жумладан, 14 та GBU-57 ишлатилган. Ҳарбийларга кўра, самолётлар АҚШдан кўтарилиб, 18 соат деганда Эронга етиб келган.

Трамп халқ олдида чиқиш қилиб, бу ҳужумни «ҳайратомуз ҳарбий муваффақият» деб атади. У Эронни ядро таҳдидидан қайтариш мақсадини билдирди. Бироқ Пентагон раҳбари бу зарбалар режим алмаштиришга қаратилмаганини, объектлар яксон қилинмаганини, аммо жиддий зарар етганини маълум қилди.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи бу ҳужумни халқаро ҳуқуқ бузилиши деб баҳолади ва Исроилга 40 дан ортиқ ракета билан жавоб берди. Камида 11 киши жароҳат олди. АҚШ яқин 48 соат ичида Эрондан қасос зарбаси берилишини кутмоқда.

Шунингдек, Эрон ядро дастурини давом эттиришини билдирган. Хусусан, Эрон томони ва сунъий йўлдош расмларига таянилса, Фордодаги ядро материаллари ҳужумдан олдин кўчирилган.

АҚШ Конгрессида эса Трампнинг рухсатсиз уруш ҳаракати кескин баҳсга сабаб бўлди. Демократлар бу Конституцияга зид эканини айтмоқда, баъзи республикачилар эса Трамп қарорини қўллаб-қувватлади.