Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонни солиққа тортиш базасини кенгайтириш ва солиқ тушумларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини тиклаш бўйича чоралар кўришга чақирди. Бу ҳақда ХВЖ миссиясининг мамлакатга ташрифи якунлари бўйича тайёрлаган хулосасида келтириб ўтилган.
«2025 йилги бюджет умуман олганда солиқ имтиёзларини кенгайтиради ва мавжудларини узайтиради. Бу эса солиқ базасининг ўсишини секинлаштиради ҳамда солиқ тушумларининг ЯИМга мутаносиб равишда ўсиш имкониятини чеклайди», дейилади ҳисоботда.
ХВЖ ҳукуматга келгуси уч йил мобайнида даромадларни оширишнинг ўрта муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш ва солиқ тизимини янада адолатлироқ қилишни тавсия қилди. Бу 2020 йилдан кейинги даврда ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизлик нуқтаси йўқотилишини қоплашга кўмаклашиши керак.
- ХВЖнинг техник ёрдам бўйича тавсияларида қуйидаги таклифлар мавжуд:
- акциз солиғини ошириш (масалан, спиртли ичимликлар, ёқилғи, транспорт воситалари ва шакар учун). Бу ЯИМнинг 1,1 фоизигача даромад келтиради;
- инвестиция имтиёзларини камайтириш, даромадларга асосланган солиқ имтиёзлари ва фойда солиғидан озод қилишни қайта кўриб чиқиш. Бу ЯИМнинг 1,1 фоизигача даромад келтиради;
- самарасиз божхона имтиёзларни бекор қилиш ва янги енгилликлар беришни тўхтатиш. Бу ЯИМнинг 3,2 фоизигача даромад келтиради.
«Солиқ тизимини адолатлироқ қилиш учун даромад солиғининг ҳозирги бир хил ставкасини прогрессив ставкага алмаштириш керак», дея қайд этилган ҳисоботда.
«Ўзбекистон ҳали на ривожланган, на тўлиқ бозор иқтисодиётига ўтган давлат»
Иқтисодчи Юлий Юсупов Халқаро валюта жамғармаси тавсияларини кескин танқид остига олди.
«Мутахассис сифатида алоҳида шахслар ва тармоқларга бериладиган имтиёзлар тўлиқ барҳам топиши кераклигига тўлиқ қўшиламан. Чунки бундай имтиёзлар бозор механизмларининг тўғри ишлашини издан чиқаради, коррупция ва рақобатни чекловчи муҳитни шакллантиради.
Бироқ, ХВЖ томонидан бюджет даромадларини ошириш зарурати борасида билдирилган фикрлар ҳайрат уйғотади. Уларнинг таъкидлашича, 2020 йилдан буён ЯИМга нисбатан бюджет тушумлари камайган ва буни қоплаш лозим экан. Аммо Осиё тараққиёт банки (ОТБ) маълумотларига қаралса, бундай камайиш кузатилмаган: 2020 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари ЯИМнинг 26,9 фоизини ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 30,5 фоизга етган. Шуниси ростки, давлат харажатлари бундан ҳам кўпроқ ўсди — 29,1 фоиздан 35,5 фоизгача. Албатта, бюджет тушумлари ўсиши давлат харажатлари суръатига етмаяпти, бу эса бюджет тақчиллиги ва давлат қарзининг ошиб боришига олиб келяпти. Савол туғилади: бундай вазиятда, иқтисодиёт зиммасига тушаётган солиқ юкини янада ошириш керакми ёки, аксинча, шиширилган ва тез ўсиб бораётган давлат харажатларини қисқартириш лозимми?» дея ёзди Юсупов.















