Ўзбекистонда йўлларда энг қисқа умр кўрадиган нарса нима деб ўйлайсиз? Асфалт эмас. Йўл чизиқлари. Тўғри, улар вақт ўтиши билан эскиради. Аммо айрим ҳолатларда йўл чизиқлари 1-2 ҳафта ичида йўқ бўлиб кетиши кўп кузатилади. Аммо бу ерда гап одам ҳаёти хавфсизлигига бориб тақалади.

Йўл чизиқлари ва белгилари — шаҳар инфратузилмасининг бир қисми эмас, балки инсон ҳаётига бевосита таъсир қилувчи хавфсизлик кафолати ҳисобланади. Аммо амалда уларга нисбатан бўлган муносабат кўп ҳолларда шунчаки “расмий топшириқни бажариш” даражасида қолмоқда.

Сифатли йўл чизиқлари:

·        тунда ва ёмғирли об-ҳавода кўринарли бўлиши керак;

·        тез тўкилиб кетмайдиган, узоқ муддат сақланадиган материаллардан тайёрланиши шарт;

·        ҳарорат ўзгаришига чидамли, ҳаракат тезлигига мос таркибда бўлиши талаб этилади.

Сифатли йўл белгилари эса:

·        нур қайтарувчанлиги юқори бўлиши,

·        ҳаво таъсирида шакли ва рангини йўқотмаслиги

·        ва энг муҳими жаҳон стандартларига жавоб бериши лозим.

Бироқ кузатувлар шундан далолат берадики, айрим ҳудудларда белгилар бир неча ойда занглаб, чизиқлар эса бир неча ҳафтада изсиз йўқолиб кетмоқда. Бу — фақат молиявий зарар эмас, балки одам ҳаётига хавф туғдирадиган жавобгарликдир.

Аслида бошқа мамлакатларда йўл чизиқлари 6 ойдан 2 йилгача хизмат қилади. Бизда эса баъзи ҳолларда 1 ой ҳам чидамайди. Нега? Жавоб оддий: сифати паст ва арзон материаллар. Хўш, ўзи бу чизиқларнинг сифати қандай бўлиши керак?

Kun.uz бу саволга жавоб топиш мақсадида Тошкент вилоятида жойлашган AVTOROAD BELGI MARKERING бўёқ ишлаб чиқарувчи корхонада бўлди. “Avtobelgi Road Marking” МЧЖ қўшма корхонаси бош муҳандиси Алишер Узоқов ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ҳақида маълумот берди.