Ёз ойлари одатда катта футболда танаффус бўлса-да, мухлислар учун янада қизиқарли ҳисобланади – барча эътибор футбол майдонидан янгилик сайтларига, ижтимоий тармоқларга кўчади. Сабаби, трансфер ойнаси очиқ бўлади, у ёки бу футболчи бошқа жамоага ўтиши, севимли клуб қандай мақсадларни кўзлаб, қайси позицияларни кучайтиришга ҳаракат қилаётганини кузатиб бориш ҳам завқли. Ахир шу орқали сиз бутун келаси мавсумни тасаввур қиласиз, қайсидир маънода ёздаги ўзгаришлар бир неча йиллик умидларни ҳам белгилаб беради.

Бунинг устига бу даврда турли хабарлар ҳам жуда кўп, қайси бирига ишонишни билмайсиз, баъзи маълумотларни таҳлил қилиш, хулоса чиқариш қийинчилик туғдиради, янги терминлар пайдо бўлади – трансфер бюджети нима, молиявий чекловлар қандай амал қилади, трансфер нархи қаердан пайдо бўлади, турли бонуслар, келишув шартлари, хуллас, бу ҳам ўзига яраша катта бир соҳа ва базавий маълумотларсиз кўпинча нотўғри хулосалар ҳам шаклланиб қолиши мумкин. Шу туфайли, келинг, трансферлар мавзусига тўхталамиз, айни вақти.

Интернетдаги трансфер миш-мишлари қай даражада ишончли?

Аввало, миш-миш билан расмий хабарни, манбаларни ажратиб олиш муҳим. Баъзи чиқадиган хабарлар – ғирт уйдирма, баъзи хабарларда у қадар ишончли бўлмаган манбалар рол ўйнайди. Мисол учун, бирор сайтдаги хабар остида бошқа бир манбадаги матнга ҳавола берилган бўлса, шунчаки, журналист ушбу маълумот ишончли эканини текшириб кўра олмаган, шунинг учун материал ҳақиқатга яқин тасаввур пайдо қилиши учун бошқа эътиборлироқ порталдан иқтибос келтирган бўлади.

Шунингдек, айниқса трансфер бозори пайтида энг кенг тарқалгани – манфаатдор тараф томонидан сиздирилган хабарлар. Мисол учун, бир футболчининг агенти ўз мижози билан бошқа бир клуб қизиқаётгани ҳақидаги хабарни чиқартиради. Бунга сабаб, футболчи тўп сураётган клубга босим қилиш ёки ўз мижозини бошқа клублар олдида пиар қилиш учун ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай хабарни ўқиганда ўқувчи мустақил таҳлил қилиши, материал ким томонидан чиқарилгани, бошқа тасдиқланган ёки ишончли хабарлар билан қай даражада мос келиши текшириб кўриши тавсия этилади.

Яна бир қизиқ вазият – бир хабар душанба куни бир мамлакатда чиқади, эртасига чет эл сайтлари кўчириб босишади, индинига эса ушбу маълумот ҳатто чет эл манбалари томонидан тасдиқлангани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлади. Шунга ўхшаш ҳолат Самуэл Это'о «Бунёдкор»га ўтиши билан боғлиқ миш-мишларда кузатилганди. Аввалига Ўзбекистондаги маҳаллий сайтлар бу келишув содир бўлгани ҳақида ёза бошлашган, кейинчалик бир қатор чет эл нашрлари ўзимизни манба қилиб бу хабарни тарқатишганди. Кейин эса футболчининг трансфери ҳақиқатга яқин экани, Европанинг таниқли нашрлари ҳам ёза бошлагани айтилганди.