Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев 2 июл куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар якунлари юзасидан фикр билдирдилар.

Давлат раҳбари сўзининг аввалида Илҳом Алиевга юзланиб, Озарбойжонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар ва мамлакат эришаётган юксак натижалардан чин дилдан хурсанд эканини таъкидлади.

– Сиз отангиз ва ҳар бир озарбойжонликнинг азалий орзусини рўёбга чиқардингиз - мамлакат ҳудудий яхлитлигини тикладингиз. Қайтариб олинган ҳудудларнинг иқтисодиёти ва инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича фаол иш олиб боряпсиз, – деди Мирзиёев. (Илҳом Алиевнинг отаси Ҳайдар Алиев 1993-2003 йилларда Озарбойжон президенти бўлган – Kun.uz изоҳи)

Озарбойжон Ўзбекистоннинг ишончли иттифоқчиси ва стратегик шериги экани таъкидланди. Бизнинг мақсадларимиз, қарашларимиз ва интилишларимиз ўхшаш. Халқларимизни азалдан қардошлигимиз ва ўзаро ишончимиз асосини ташкил этаётган тарих, қадриятлар, тил ва маданият боғлаб турибди.

Давлат раҳбари бугун бўлиб ўтган Олий давлатлараро кенгаш иккинчи йиғилишининг самарали натижаларини, унинг якунида муҳим қарор ва келишувлар қабул қилинганини юксак баҳолади.

Бу галги саммитга жиддий тайёргарлик кўрилгани таъкидланди. Биринчи Парламентлараро форум, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлар ва ректорлар форумлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, қатор маданий тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.

Музокараларда икки мамлакат ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани кенг кўламда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро майдонда яқин алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга қатъий интилиш тасдиқланди. Кўплаб долзарб глобал ва минтақавий муаммолар бўйича позициялар мос келиши қайд этилди. Шу маънода, Мирзиёев Ўзбекистон барча ўткир муаммо ва зиддиятларни фақат тинч йўл билан, дипломатик саъй-ҳаракатлар орқали ҳал этиш тарафдори эканини таъкидлади.

Музокаралар чоғида икки томонлама савдо ва инвестициялар ҳажмини яқин йилларда 1 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма амалий чоралар кўришга келишиб олинди. Савдо ва кооперацияни рағбатлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинди.