Жаҳон | 07:48 / 04.07.2025
3329
2 дақиқада ўқилади

Араб давлатлари исроиллик вазирнинг Ғарбий соҳил аннексияси ҳақидаги чақириғини қоралади

Ар-Риёд, Доҳа, Кувайт ва Рамаллоҳ Исроилнинг ҳаракатларини халқаро ҳуқуқни бузиш ва минтақавий тинчликка таҳдид деб атади.

Фото: AP

Араб давлатлари Исроилни босиб олинган Ғарбий соҳилни аннексия қилишга чақираётгани учун кескин танқид қилиб, бундай ҳаракатлар халқаро ҳуқуқнинг тўғридан тўғри бузилиши ва тинчликни янада қийинлаштирадиган хавфли қадам эканини таъкидлади.

Фаластиннинг WAFA ахборот агентлигига кўра, Фаластин маъмурияти матбуот котиби Набил Абу Рудейна бундай чақириқларни рад этиб, «минтақа вулқон отилиши ёқасида тургани» ҳақида огоҳлантирган. Унинг таъкидлашича, исроиллик сиёсатчиларнинг баёнотлари халқаро қарорлар ва қонунларга зид келади ва Исроилнинг Фаластин масаласини йўқ қилиш режаларини амалга оширишга бўлган қатъий уринишларининг бир қисмидир.

Саудия Арабистони ҳам Исроил адлия вазири Ярив Левиннинг баёнотларини қоралаб, у халқаро қарорларга зид эканини таъкидлади. Подшоҳлик баёнотида Фаластин ҳудудидаги яҳудий аҳоли пунктларини кенгайтиришга қаратилган ҳар қандай уринишларни рад этиш, шунингдек, Исроилга халқаро қонунларга риоя қилиш учун босим ўтказиш кераклиги айтилган.

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Левиннинг «аннексия зарурати» ҳақидаги баёнотларини Исроилнинг «ўтроқчилик, мустамлакачилик ва ирқчилик сиёсати»нинг кўриниши деб атади. Қатар бу халқаро ҳуқуқнинг очиқдан очиқ бузилиши эканлигини таъкидлаб, халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг хавфли қадамларига, жумладан, Қуддусни яҳудийлаштириш режаларига қарши курашиш учун зудлик билан саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.

Кувайт, шунингдек, Исроил расмийларининг оккупация Ғарбий соҳилни ҳам қамраб олиши ҳақидаги чақириқларини кескин қоралади. Кувайт Ташқи ишлар вазирлиги БМТ Хавфсизлик кенгашини халқаро қонунийликни ҳимоя қилиш ҳамда минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш масъулиятини ўз зиммасига олишга чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид