6 июл куни Суперлига 15-тури доирасида Самарқандда мезбон «Динамо» ва Қаршининг «Насаф» клуби ўртасидаги ўйиндан (2:2) кейин можароли ҳолат юзага келди. Қашқадарё клуби матбуот хизмати ходими Сарвар Бобоназаров X ижтимоий тармоғида самарқандлик ва андижонлик мухлисларни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилди.
Ўйиннинг 1-бўлимига қўшиб берилган дақиқаларида «Динамо» пеналтидан гол уриб, 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Иккинчи бўлим охирида «Насаф» ҳам гол уриб, ҳисобни тенглаштирди.
Ўйиндан кейин Сарвар Бобоназаров (Ўктамзода) X ижтимоий тармоғида ўйин натижаси ва пеналти ҳаққоний бўлмагани ҳақида эҳтиросли ва ҳақоратли постларни ёзди.
У ўйинда VAR технологиясидан фойдаланилмаганида мезбонлар клубини айблаган.

Шунингдек, олдинроқ «Динамо»га қарши ўйиндан кейин ҳакамликдан норози бўлган «Андижон» клуби мухлисларини ёмон сўз билан эслаган.

7 июл куни «Динамо» ПФК Сарвар Бобоназаровнинг ижтимоий тармоқлар орқали рақиб жамоа ва бутун вилоят шаънига билдирган ҳақоратли фикрлари бўйича «Насаф» ПФКдан расмий тушунтириш сўради.
«Суперлига 15-тури доирасидаги «Динамо» ва «Насаф» (2:2) ўртасидаги учрашувдан кейин Қарши клуби матбуот хизмати вакили Сарвар Ўктамзода (Бобоназаров) «X» (твиттер) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида (3672 обуначига эга) Самарқанддаги ўйинда ВАР техникаси Жиззахдан етиб келмагани сабабли мезбон клуб сифатида Самарқанд жамоасини ҳақоратлаган. Айниқса, унинг самарқандликларни таҳқирловчи ҳақорати турли ижтимоий тармоқлар, гуруҳларда кескин муҳокамага сабаб бўлмоқда.
«Насаф» ПФК матбуот хизмати вакили, Қаршидаги «Марказий» стадиони сухандони саналмиш Сарвар Ўктамзода (Бобоназаров) томонидан мухлислар ўртасида адоватни қўзғовчи, кескинликка сабаб бўлаётган билдирилган фикрлар бўйича «Динамо» ПФК «Насаф» клубидан расмий тушунтириш сўрайди. Клуб бу борада қатъий чора кўришни талаб қилади.







