Ўйин тақдири биринчи бўлим ярмидаёқ ҳал бўлди
ЖЧ. Яримфинал.
«ПСЖ» – «Реал Мадрид» (4:0)
Голлар: Руис (6, 24), Дембеле (9), Рамуш (87).
«ПСЖ»: Доннарумма, Мендеш (Кан Ин, 79), Бералдо, Маркинос, Ҳакими, Руис (Эмери, 66), Витиния, Невеш, Хвича (Барколи, 59), Дембеле (Рамуш, 59), Дуэ (Меюлю, 66).
«Реал Мадрид»: Куртуа, Фран Гарсия, Рюдигер, Асенсио (Милитао, 64), Валверде, Беллингҳэм (Модрич, 64), Чуамени, Гулер (Васкес, 83), Гонсало Гарсия (Карвахал, 71), Мбаппе, Винисиус (Диас, 65).
Огоҳлантиришлар: Чуамени (28), Невеш (45+2), Карвахал (73).
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг «ПСЖ» ва «Реал» ўртасидаги яримфинал ўйини катта афишага қарамай, интрига йўқлиги билан мухлисларнинг ҳафсаласини пир қилди. Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби топ даражадаги навбатдаги рақибни йўлдан олди. Энди 13 июл кунги финалда Луиса Энрике шогирдлари «Челси» билан бош соврин учун кураш олиб боради.
Шу куни «Реал»да янги бош мураббий даврида илк бор Мбаппе – Винисиус Жуниордан иборат ҳужум жуфтлиги ҳаракат қилди. Франциялик форвард собиқ жамоасига қарши ўйин олдидан касалликдан тузалиб қайтди. Ҳаби Алонсо «ПСЖ»га қарши ўйинда Килианни захирада қолдира олмасди, шу билан бирга, турнир кашфиёти Гонсало Торресга ҳам бошланғич таркибдан ўрин топиб берди. «Реал» мудофаасида эса, аксинча, йўқотишлар бор эди. Чоракфинал ўйинида Ҳаусен дисквалификацияга учраганди, етмаганига эркин агент бўлганига қарамай, айнан шу турнирда ўйнатиш учун пул тўлаб олиб келинган Трент жароҳат олди.
Ўйин бошланганида, «Реал» 4-4-2 схемаси билан яримҳимояда «ромб» ҳосил қилди. Гонсало Торрес Мбаппе ва Винисиус ортида жойлашди. Аммо ҳимояланишда француз ва бразил ҳужумчилари ҳам орқароққа тушишди. Ҳаби Алонсо майдон марказини назорат қилишни, бу ерда «ПСЖ» футболчилари тўпни эркин олиб юришига йўл қўймасликни истаганди. Аммо марказий ҳимоячиларнинг индивидуал хатолари туфайли «қаймоқранглилар» устозининг режалари бузилиб кетди. Тўққизинчи дақиқага келибоқ икки гол ўтказиб юборилганида рақибга кураш таклиф этиш қийин бўлади.
Шу билан бирга, «ПСЖ» ҳисобни очишидан олдин ҳам деярли 100 фоизлик имкониятга эга бўлган, мадридликларни Куртуа қутқариб қолганди. Голли ҳужум ҳам чизиқлар орасидан ўтказилган пас билан бошланди, «Реал» тиғиз ҳимояланаётганига қарамай, бу пас ўтишига йўл қўйилди. Кейин эса турнирнинг энг омадсиз футболчиси номига даъвогар бўлган Асенсио қўпол хатога йўл қўйди. Гуруҳ босқичида «Ал-Ҳилол» билан ўйинда пеналтига сабабчи бўлган, кейин эса «Пачука» билан ўйиннинг 7-дақиқасидаёқ қизил карточка олиб, жамоадошларини қийин аҳволга солиб қўйган, фақат таркибдаги муаммолар туфайли майдонга тушган ҳимоячи тўпни узоқлаштириш ўрнига техник хатога йўл қўйди ва Дембеленинг прессинги қурбони бўлди. Куртуа рақиб ҳужумчисини йиқитишга мажбур бўлди, агар тўп Руисга бориб тушиб, у дарвозани ишғол этмаганида барибир пеналти қўйилган бўларди.











