Жаҳон | 16:48 / 13.07.2025
3717
2 дақиқада ўқилади

Венгриядаги энг қадимий кутубхона қўнғизлар сабаб юз минглаб китобларидан айрилиши мумкин

Ўрта асрларга тегишли кутубхонадан ёғоч қўнғизи аниқланган. Энди китоблар махсус пластик пакетларга жойланиб, дезинсекция ишлари олиб борилади.

Фото: AP

Венгриядаги Паннонҳалма монастрида жойлашган ўрта асрларга тегишли кутубхона кўпчилиги бир неча асрлик бўлган ўн минглаб ноёб китобларни зараркунандалардан сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда, деб ёзади Associated Press.

Қайд этилишича, кутубхона ходимлари дезинсекция ишларини амалга ошириб, қўнғизларни йўқотиш учун қўлда ишланган 100 мингга яқин китобни токчалардан олган ва қадоқлаб чиққан. Китоблар олти ҳафта муддатга кислородсиз пластик пакетларга жойлаштирилади. Экспертлар бу вақт ичида қўнғизлар нобуд бўлишига умид қилмоқда. Шундан кейин ҳар бир китоб қўлда текшириб чиқилади ва тозаланади. Шикастланган нусхалар реставрация қилинади.

Ноёб экспонатлар ёғоч қўнғизи қурбонига айланган — бу ҳашаротлар ва уларнинг личинкалари одатда қуритилган маҳсулотларга, масалан, дон ва унга зарар етказади. Шунингдек, улар тез-тез музейлар ва кутубхоналарда учрайди — китобларда желатин ва крахмал ушбу қўнғизларни ўзига жалб этади.

Илмий ходимлар қўнғизларни кутубхонанинг турли қисмларида пайқаб қолишган, шунинг учун бутун коллекция зарарланиш хавфи остида.

Мутахассисларнинг ҳисоблашича, қўнғизларнинг кўпайишига иқлим ўзгариши сабаб бўлган: ҳаво ҳарорати кўтарилгани боис ҳашаротлар бир йил ичида кўпроқ ривожланиш циклларидан ўтишга улгуряпти.

Бенедикт монастри кутубхонаси Венгриядаги энг қадимийларидан ҳисобланиб, ЮНEСКО мероси объектларига киритилган. Аббатликка 996 йилда, Венгрия қироллиги пайдо бўлишидан тўрт йил олдин асос солинган. У кўплаб уруш ва босқинлардан омон қолган, жумладан, XVI асрда Усмонийларнинг Венгрияга ҳужумидан ҳам.

Кутубхонада жами 400 мингга яқин китоб мавжуд. Энг қадимий манускриптлар алоҳида сақланади, аммо ходимларнинг тан олишича, ҳашаротлар аллақачон маданий ва тарихий меросга зарар етказиб улгурган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид