Чиқиндиларни бошқариш агентлиги раҳбариятига кўра, августдан бошланадиган тартиб ички идентификациядан ўтган абонентларга татбиқ этилади ва фақат июл ойидан бошлаб шаклланган қарзларга тааллуқли бўлади. Иқтисодчи Отабек Бакиров янгиликни амалга киритишдан олдин қилиниши керак бўлган ишлар бор эди деб ҳисобламоқда.

2025 йил 1 августдан бошлаб чиқиндидан қарзи борлар чироқ учун тўлов қила олмайди. Бу март ойида қабул қилинган қонунда белгиланган. Янги тартибга кўра, чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизматидан қарзи бор истеъмолчиларга ҳар ойнинг 5-санасигача SMS юборилади. Шундан кейин 5 кун ичида қарздорлик бартараф этилмаса, истеъмолчи электр энергияси учун тўлов қилолмай қолади.

Қарздорлик бартараф этилиши билан, чеклов автоматик тарзда ечилиши айтиляпти. Агар қарз тўланмаса, маълум вақтдан кейин, абонентнинг электр энергияси бўйича олдиндан тўлови тугаши билан, у светсиз қолади.

Kun.uz бу мавзуда Чиқиндиларни бошқариш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов, агентлик масъуллари ҳамда тизимда қатор муаммолар борлигини айтаётган иқтисодчи Отабек Бакиров иштирокида жонли эфирда суҳбат ташкил этди. Қуйида суҳбатдан қисқа шарҳ келтирилади.

Янги тартиб нима сабаб светга боғлаб қўйилди?

Шарифбек Ҳасанов суҳбат аввалида вазиятни тушунтираркан, аҳолининг чиқиндидан қарздорлиги юқори эканига урғу берди.

Чиқинди бўйича жуда кўп йиллардан бери тўланмай келаётган дебитор қарздорликлар мавжуд. Оддий фуқаролар учун [киши бошига ойлик тўлов] 4000 сўм, бир хил жойларда тариф ҳали ҳам ошгани йўқ, ана шу 4000 сўм бўлишига қарамасдан, тўлашмайди. Лекин кўчага чиқиб, чиқиндичиларнинг аҳволини бир кўрадиган бўлсангиз, жуда ҳам оғир аҳволда ишлашади. Ойликлари жуда ҳам паст.

Бунга давлат раҳбарининг ўзи сиёсий ирода қилиб, чиқинди тўловини электрга улаш бўйича биринчи фармонни белгилаб берди ва бундан кейин қонун қабул қилинди. Қонундан кейин электрга уланиши бўйича аниқ дастурлар белгилаб олинди. Биз “Ҳудудий электр тармоқлари” билан бирга ишлаб, ўша техник жиҳатдан ҳамма нарсаларни йўлга қўйдик”, – деди у.

Ҳасановга кўра, чиқиндини олиб кетиш бўйича хизмат кўрсатилмаса ҳам, тўлов ёзиб борилиши ҳолатларига янги тизим билан чек қўйилади: чиқинди ташувчи машиналарга GPS ўрнатилган бўлиб, агар машина белгиланган жойга бормаса, у ҳолда истеъмолчиларга тўлов ҳисобланмайди.