Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли тумани ҳокимининг қарори билан туман ҳудудидаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти вақтинча тўхтатилади.

Бунга 16–18 июл кунлари об-ҳаво +40 даражадан юқори бўлиши сабаб сифатида келтирилмоқда.

Бундан олдинроқ «Ўзгидромет» жорий йилнинг 17-19 июл кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилаётгани ҳақида огоҳлантирганди.

17 июлда республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида, 18–20 июл кунларида ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +40...+43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +44...+45 даражагача кўтарилади.

Республика бўйича шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.

17 июл куни учун об-ҳаво прогнози

Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3–8 метр/секунд тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +22...+24 даража, кундузи +38...+40 даража бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво бироз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 9–14 метр/секунд тезликда эсади, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади. Ҳарорат кечаси +24...+29 даража, кундузи +38...+43 даража бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7–12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 13–18 метр/секундгача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади. Ҳарорат кечаси +23...+28 даража, чўл ҳудудларда баъзи жойларда +30 даражагача, кундузи +38...+43 даража бўлади.

Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7–12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 13–18 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин. Ҳарорат кечаси +21...+26 даража, кундузи +36...+41 даража бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7–12 метр/секунд тезликда эсади, баъзи жойларда 13–18 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин. Ҳарорат кечаси +23...+28 даража, кундузи +39...+44 даража бўлади.